ўзи шўппайиб ўтирибди. “Ичмайди”, деб мақтаганим ширакайф бўлиб олишга улгурибди. Ўрнимдан туриб, уни билагидан ушладим-да, жойига қайтардим.
Соат тунги ўн иккидан ошганда куёв-келинни уйга кузатиб, кўчага чиқдик. Шаҳар транспорти тўхтаган, йўловчи машина ҳам кўринмасди. Уйга пиёда қайтишдан ўзга чора йўқ эди. Кечаси пиёда юриш менга янгилик эмас, лекин оёқлари чалишаётган куёвжўрани олиб юриш машаққат эди. Қўлтиғига кирай десам, бўйи паст, икки букилиб қийналдим. Опичиб олиш менга қулай туюлди. Куёвжўра анча йўлга қадар хиргойи қилиб кетди. Кейин елкамдан тушириб, уч-тўрт силкиган эдим, сал ўзига келиб, юра бошлади.
Азиз дўстимнинг тўйидаги беминнат икки хизматни шу тарзда адо этган эдим. Дарвоқе, Асқаржон бу аҳволда уйга киришдан қўрқиб, бизникида ётиб қолди. Барвақт туриб чиқиб кетган экан. Нонуштадан кейин ишга отландим, қарасам, пойабзалим йўқ.
– Ғирт мастга ўхшовдиларинг, туфлинг йўлда тушиб қолса ҳам билмабсан-да, – дедилар аяжоним аччиқланиб.
– Мен маст эмасдим, Асқарни кўтариб келдим, – деб ўзимни оқладим.
Бу гапни эшитгач, аяжоним қўшниникига чиқиб, пойабзалимни олиб қайтдилар. Асқаржон менинг елкамда ҳузурланиб, хиргойи қилиб келаётганида туфлиси тушиб қолганини билмаган экан. Унинг битта пайпоқда юриб келганини менам билмабман…
Сафар Барноевнинг тўйига келмаган бевафо “хонанда”нинг номардлигига, кескинроқ айтсам, дўстга хиёнатига яна бир марта гувоҳ бўлиб эдим. 1972 йилнинг сентябрь ойида Рауф Парфи ўғилларига хатна тўйи қилдилар. Кўпчилик бўлиб Янгийўлнинг Хонабодига бордик. Бизга Толиб Йўлдош “раҳбар” эдилар. Тўй бошланди. Табриклар айтиляпти, шеърлар ўқиляпти. Лекин тўйни билдириб турувчи куй-қўшиқ эшитилмайди. Бизга-ку, шеърхонлик ҳам бўлаверади. Лекин қишлоқ аҳлига бунинг кераги йўқ. Бир маҳал қайдандир эски рубоб келтирилди, тешик чилдирма ҳам топилди. Рубобни Фозил ака созлаган бўлдилар. Фозил ака Рауф ака ва ўша “хонанда” билан бирга ўқишган. Фозил ака туғма ногирон бўлишларига қарамай олий маълумот олиб, энди илм билан шуғулланардилар. Бу кишига Худо ширали овоз берган эди. Эшитишимча, “хонанда”ни машҳур қилган қўшиққа Фозил ака куй басталаб, дастлаб ўзлари ижро этган эканлар.
Тўйни олиб бораётган Сафар Барноев бир маҳал менга кулимсираб яқинлашиб:
– Тоҳир, чилдирмакашлик яна ўзингга қолди, – дедилар.
Рубобни чалса бўлади, Фозил акамизнинг овозлари бинойи, лекин тешик чилдирмани қиздириш осон эмас. Қизиб, тарақлагандай бўлади-ю, битта ашула яримламасдан, пўкиллай бошлайди. Бир жуфт ашуладан кейин чилдирмани кўтариб ошхона томон шошаман. Чилдирмани ўтга тутиб турганимда, хизмат қилиб юрганлардан бири, иккинчисига: “Рауфни шаҳардаги катта шоир дейишарди, битта ашулачига кучи етмас экан-ку?” –деб қолди. Бу гапдан вужудим зириллаб кетди. Тўйда узоқ ўтирмай, чиқиб кетганлар ҳам шу фикрда бўлсалар керак, деб ўйладим. Бу содда кишиларга “шоирнинг улуғлигини тўйига ашулачи келиши ё келмаслиги белгиламайди”, дейишнинг фойдаси йўқ, уларда шоир қалбини, дунёсини тушуниш,