Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

боқдим, кўзим лўқ, –

      Ахир қандоқ бўлар бу ёғи?!

      – Тилингни тий, – деди муҳаррир, –

      Яхшиликни билмаган ҳамак!

      – Кечирингиз… лекин кўп оғир

      Ёлғиз қорин билан яшамак…”

      Бу эсдалик сатрлар Бўрон қамоққа олинганда ҳам ён чўнтагида эди. Тинтув пайтида олиниб, ўзбекчани билмайдиган милиция ходимлари уни ашёвий далил сифатида “Иш”га тиркаб қўйишган эди. Эҳтимол кейинчалик таржима қилдириб ўқиб кўришгач, ғижимлаб ахлат қутисига ташлаб юборишгандир. Ҳарҳолда ўғри йигитнинг чўнтагида шеър ёзилган қоғознинг чиқиши уларни ажаблантиргандир.

      Ўша куни Келдиёр туриб кетишга шошилмади. Неча соат ўтиришганини аниқ билмади. Шоир иккинчи шишадаги пивони ҳам майдалаб ичиб тугатгач, ўрнидан туриб хайрлашди.

      – Бугун “ўйишма”да йиғин бор. Ақлли одамлар менга ўхшаган аҳмоқ шоирларнинг пўстагини бир-бир қоқади. Бу ҳузурли лаҳзаларга кечикиш мумкинмас. Зўр артист бўлганингизда бу учрашувни менга эслатасиз. Сиз учун махсус шеърий фожиа ёзиб бераман.

      – Ака, исмингизни айтмадингиз. Ҳали оғайниларга бориб мақтанаман.

      – Исмимми? – Келдиёрга кулиб қараб ҳазиллашди: – Навоий эмас, Чўлпон ҳам эмас… жарангсиз исм, шунчаки – Рауф. “Ра-уфф!” десангиз тўғрироқ бўлади. Энди битим тузайлик: мен пиво ичганда шеър ёзмайман, сиз пиво ичганда саҳнага чиқмайсиз. Шеър –менинг жойнамозим, саҳна сизники…

      Саҳна жойнамози Келдиёрга насиб этмади. Пиво ичиб ҳам, ичмай ҳам театр саҳнасига чиқмади. Унга шайтанат саҳнаси насиб этиб, ролларини қойиллатиб ижро этиб юраверди.

      Бугун шундай томошаларнинг бирини намойиш этган эди.

      Ҳозир ўзининг томошасидан ҳузурланиб хотирот ўрмонзорига кириб бормоқда эди…

* * *

      Қисман тўғри гапириш ҳақиқат эмас. Бу бўғзига қадар ботқоққа ботиб турган одамга ўхшайди. Чўкиб, ҳалок бўладими ё жонини қутқариб оладими – Худо билади. Адабиётимизда шу тоифа ижодкорлар учраб туради. Не бахтки, Рауф Парфи қисман тўғри гапирадиганлардан эмасдилар. Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида ҳақиқатни байроқ қилиб шеъриятга кириб келганлар анчагина эди. Вақт ўтиб, уларнинг сафлари сараланиб қолди. Ўша йиллари Сталин зулми давом этганида уларнинг тақдири осон ҳал қилинарди. Қамаш, отиш даври ўтган эди. Наҳот ҳақиқатпарастларнинг чораси йўқ? Бор экан. Аввалгисида шарафли ўлим топган бўлсалар, бунисида шарафларини қандайдир унвонларга ва мансабларга алмаштирдилар. Буниси шармандалироқ экани бир нав, улар Аллоҳ берган истеъдодни совурдилар, исроф қилдилар, бунинг жавоби қандай бўлар экан, валлоҳи аълам?!

      “Абу Маони” – “маънолар отаси” деб улуғланган ҳазрат Мирзо Бедил Аврангзебнинг ўғли Муҳаммад Аъзамшоҳ хизматида юрган пайтларида шаҳзода ундан ўзига атаб мадҳ ёзишни сўрайди, аммо Бедил ҳазратлари бу илтимосни рад этадилар-у, оқибатда саройдан кетмоққа мажбур бўладилар. Чунки ул зот юксак шеъриятни айрим шахслар, арзимас кишилар мадҳи учун оёқости қилишни, софдил сўзини ёлғон билан булғамасликни афзал кўрган эдилар. Не ажабки, асрлар давомида “сарой шоирлари” шеъриятни арзон-гаровга пуллаб яшадилар. Не шодки, улар орасида