бўлган ўзбек мумтоз адабиётининг энг йирик намояндаси, деган. Шоир Лутфий ҳатто ўз тахаллусини шу ийҳомнинг ўзбекча муқобил истилоҳи “лутф” дан “Лутфий” деб олди. Муҳими шундаки, Мавлоно Лутфийгача яшаган шоирларимиз ийҳом санъати нозикликларини яхши билиб, бу усулнинг анъанавийлигини сақлаган ҳолда, унинг ўзбек тилига жуда мослиги ва ўз сўзларимиздан ийҳом ясашнинг яхши намуналарини топа олдилар. XIV аср ўзбек шоирларидан ийҳомнинг форсий адабиёт билан алоқадор навлари шаҳар ва куй номларидан, шахмат атамаларидан ийҳом яратиш анъанасини ўзлаштириб, кўплаб соф туркий сўзларни ийҳом кўрсаткичлари сифатида қўллай бошладиларки, бу анъана янгиланиб, таждид ҳолида янги-янги туркий сўзларни ийҳом кўрсаткичи қилиб олинишига замин ҳозирлади. Сайид Аҳмад “Таашшуқнома” достонида Исфаҳон сўзидан куй ва шаҳар номлари ифодаси сифатида фойдаланиб:
Ижозат бўлса, эй султони хубон,
Ўқуйин бу ғазални дар Сифаҳон (Муборак мактублар, 136-бет).
тарзида ийҳомли байт яратган бўлса. кўплаб туркигўй шоирларимиз аёқ (оёқ ва қадаҳ маъноларида), қурбон (садоқ ва қурбон бўлиш маъноларида),эгри (тўғрининг зидди ва чанг маъноларида) сингари ўнлаб сўзларни ийҳом кўрсаткичи тарзида қўллай бошладилар ва булар кейинчалик анъанавий тарзда яшаб қолди. Бугина эмас, ана шу асл ўзбекча сўзларга кўпроқ мурожаат этиш анъанаси Мавлоно Лутфий ижодида давом этди ва бу буюк сўзшунос ижодида янги-янги туркий сўзлардан фойдаланиб ийҳомлар яратиш жуда гуллаб-яшнади.
Туркий сўзлардан яратилган ийҳомлар ва уларнинг анъана тарзидаги амалиётини қуйидаги мисоллардан кузатиш мумкин:
Арода чанг эди эгрию ҳар дам
Ани ҳам эгри деб урурлар эди. (Юсуф Амирий) (Муборак мактублар, 249-бет).
Най туз учун истар ани аҳли ҳол,
Чун туз эмас, эгри кўрар гўшмол. (Алишер Навоий)34
Турубтурлар аёқим ўпмак учун,
Суроҳитек бори бўйнин узотиб. (Юсуф Амирий)35
Юзумга бос қадам сархушлуғунгда,
Тутай илкимга бир давлат аёғинг. (Атойи)36
Аёғин ўпсам етишгай арш тоқиға бошим,
Даст бергай давлатим, гар тутса илгим маҳвашим. (Бобур)37
Хуштурур кўнглумда зулфу қаддидин наълу алиф,
Ким бу қурбондек топилмас андоқ уқу ёға кеш. (Алишер Навоий)38
Жамъ қилдинг даврима юз навъ ғам ишқинг аро,
Ё қошингдин чекдингу жонимни қурбон айладинг. (Мунис)39
Мазкур мисолдаги “қурбон” ийҳомларининг маънолари: 1. Садоқ, ўқдон; 2. Қурбон, фидо қилинган; Навоийда кўнгул қурбон тарзида, Мунисда жон қурбон тарзида талқин қилинган. Қайд этиш лозимки, баъзи сўзларнинг ийҳом кўрсаткичи сифатидаги амалиёти айрим замонлар билан чекланади. Чунончи чанг – эгри Навоий ижодидагина учрайди, холос. Кейинги мумтоз шоирлар бунга ортиқ мурожаат этмайдилар. Негаки “чанг” сўзи асл туркий сўз “эгри” ўрнини тилда тўла эгаллаб қўяди.
Ийҳомчиликда таждид – новаторлик ийҳомга янги-янги