мустақил бир музахона. Унинг ичига кириб ички ва ташқи тузилишини тамоша қилмоқ, маъно қирраларини мулоҳаза қилмоқ керак. Шунинг учун Алишер Навоийдай адабий даҳо шеъриятида китобхон “лаъл” истиорасига бир неча юзлаб маротаба дуч келади. Бироқ ижодкорга: “Нега бир сўзни бунақа такрорлайверасиз?” деб эътироз билдирмайди. Чунки “лаъл” истиораси шундай катта ижодий ихтироки, ундан ўринли фойдаланишдаги такрорлар табиийдир. Навоийдан кейинги шоирлар ижодида ҳам бу истиора ХХ асргача яшаб, такрорланиб келаверди. Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқатлар ҳам бу истиорадан кенг фойдаланганликлари боиси мазкур истиоранинг ихтиролик қиймати ва анъанавийлик қонуниятининг ҳукм суриши натижасидир.
Анъанавийлик кучининг беқиёслиги ва умрининг узунлигини ташбеҳ санъати амалиётида кузатиш мароқлидир. Нега инсон ўхшатишни бундай севади? Чунки ташбеҳ оламни билишнинг энг қудратли воситасидир. Ҳатто ҳинд халқида “Ташбеҳ” деган халқ оғзаки ижоди жанри бор. Инсоният минг йиллардан буён юзни лолага, ойга, қуёшга, гулга, анорга ўхшатишни такрорлашдан толмайди. Анъанавйлик туфайли деярли ҳар бир кейинги давр шоири ижодида бу ўхшатишлар дам-бадам учрайверади. Илгари қўлланилган ўхшатишни кейин қўллашни ҳеч ким, ҳеч қайси замонда манъ этмаган. Бунинг боси ўша ўхшатишларнинг мислсиз қимматида, мувофиқлигида, ўринлилигидадир. Бу ўхштишлар ҳусн ва севги сингари умрбоқийдирлар, десак тўғри бўлар…
Лафзий санъатлар қўллашда ҳам анъанавийлик худди маънавий санъатлар сингаридир. Чунончи, Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги 272-ғазалнинг етти байтидан бештасида “халос-махлас” иштиқоқлари қўлланилган. Ҳозирги китобхонга эриш туюладиган мазкур такрорий усулни Навоий шеърий фазилат ҳисоблаб қўллайверган:
Ҳажрида жондин агар ўзни халос истармен,
Жонға не мумкин эрур истамак ондин махлас.
Яхши эрмас манга сендин тиламак ўзни халос,
Сен муҳиқсен, тилар эрсанг бу ёмондин махлас.
… Кеча итлар унидин гарчи халос истар халқ,
Итининг коми бу фарёду фиғондин махлас.
Бир замон зулмларидин чу халос эрмасмен,
Йўқ ажаб, гар тиласам аҳли замондин махлас.
Гарчи жон меҳнатидин қилди Навоийни халос,
Қатл ила истамак ўлғайму фалондин махлас.18
Инобатга олиш жоизки, у ёки бу санъатни ҳозиргидек “суиистеъмол” қилинишидан мурод фақат зийнат эмас, энг аввало шеърдаги мақсад ва ҳар бир байтдаги бош фикрдир. Умуман ёдда тутиш зарурки, поэтика унсурларидан хоҳ анъанавий тарзда, хоҳ таждид маъносида бўлсин фойдаланиш мақсад эмас. балки мазмун – фикр ифодаси учун восита қулайлиги ва гўзаллигидир.Лекин восита танлашда ҳам заргарона йўл тутилади: шу санъат байт зийнатими, таъсирчанлик омилими, эсда қолдириш имкониятими, хушжаранглилик унсурими, диққатни асосий фикрга йўлловчи таъкид усулими… эканлиги ижодкор диққат марказида туради.
Бадиий санъатлар қўллашнинг тарихини ана шу муаммо кўзгусида кўришга уринамиз. Хўш, бунинг нима ҳожати бор?
Гап