Эркин Рахмонов

Бадиият жозибаси


Скачать книгу

таснифлар топишга ҳаракат қилинади. Шундагина ҳар бир санъат ҳақидаги тасаввур бой ва барқарор бўлади.

      Ишимизнинг навбатдаги мақсади: анъана ва таждид муаммосидир.

      Адабиётшуносликда анъана ва новаторлик энг мураккаб масалалардан биридир. Айниқса, буни мумтоз адабиёт, хусусан, шеърият мисолида кўздан кечириш ва таҳлил этиш ундан-да муаммороқ десам лоф бўлмас. Негаки, матн идроки мураккаблиги ўзи бир муаммо экан, қайд этилган мавзуни тадқиқ этиш бу билан узвий боғлиқдир.

      Мавзунинг қизиқарлилиги мени шу ҳақда ўйлашга руҳлантирди. Чунки адабиётда давомийлик нимаю, янгилик нималигининг айирмасига бориш, буни таҳлилда кўриб гувоҳ бўлиш ўта муҳим деб ўйладим. Бизда илми саноеъ санъатлариннг тобора кенг ишланаётгани, унинг адабиёт назариясининг истиқболли бўлими эканлигини тасаввур этиш, ташлаб қўйилган қўриқни ўзлаштириш каби муҳим вазифа бўлиб кўринади.

      Назаримда анъанавийлик ҳокимлиги мумтоз адабиётда ҳам, ҳозирги адабиётда ҳам аниқроқ сезилади. Чунки босиб ўтилган йўлдан юриш осон ва қулайдир. Истеъдодлари ўртача бўлган шоирлар новаторликка кўтарилолмай умргузаронлик қиладилар. Айниқса буни мумтоз адабиёт оқимининг бевосита давоми бўлган Собир Абдулла, Чархий, Чустий ва Ҳабибийлар ижодларида кўриш мумкинки, улар анъана қобиғида ижод қилдилар. Ғазалчиликда новаторлик даражасига етолмадилар.

      Ҳақиқий замонавий ғазални 70-йилларда Эркин Воҳидов новаторона усулда яратишга муваффақ бўлди. Ва шундан сўнг кўплаб бармоқ ижодкорлари бу усулда ғазал ёзишга киришиб кетдилар. Бироқ ҳеч ким ғалаба байроғини Эркин Воҳидов қўлидан тортиб ололмади ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров бу ҳақиқатни баралла айтди.

      Ғазалчиликдаги, аруздаги бу янгиликка биринчи бўлиб Ғафур Ғулом кўз-қулоқ бўлган эди. Ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад ўз эсдаликларида “Ёшлик девони”нинг илк намуналари ҳақидаги академик шоир Ғафур Ғулом сўзларини эслайди:

      “ – Биласизми, бу бола (Эркин Воҳидов назарда тутилмоқда) мудраган арузни уйғотиб юборди. Ивирсиқ шоирлар арузни адои тамом қилган эдилар. Аруз баайни пати юлинган товуқ бўлиб қолганди. Эркин уни араб, форс сўзларидан тозалаяпти, соф ўзбек ғазалини яратаяпти. Яқинда бир жузойир ғазалларини олиб келди. Жуда чиройли, маъноли, маҳорат билан ёзилган ғазаллари кўп эди”.15

      Биз бу билан Собир Абдулла, Ҳабибий, Чархий ва Чустийлар ижодини камситмоқчи эмасмиз. Уларнинг ғазаллари анъанавийликнинг ҳаётбахш давоми сифатида ўқимишли, қўшиқ тарзида эшитилганда ҳам дилкаш ва ёқимлидир. Улар ўз созларини замонавий мавзулар оҳангларига мослаб чалдилар, шу замон шоирлари бўлиб танилдилар ва тарихда қолдилар. Уларнинг шеърлари ҳали узоқ йиллар ўзбек шеърхонини ўзига мафтун этади. Бу ютуқ айнан анъанавийлик фазилатидандир.

      Новаторлик (таждид) эса, ўша тоғлар даражасидан янада юқорироқ чўққига кўтрилиш демакдир. Шу маънода Эркин Воҳидов ғазаллари замонавийлиги, ёшларбоплиги, таъсирчанлиги, бадиий-тасвирий воситаларга бойлиги ва кўнгилга яқинлиги билан ўзгача оҳанрабога эга бўлган бадиият мўъжизаси – новаторлик намунасидир.

      Анъанавийликнинг