экан, унинг айтувчиси ҳам, тингловчиси ҳам эришадиган олий даражадаги идрок ютуғи икки-уч маънода сўз ишлатишга бориб тақалади. Айтмоқчимизки, ийҳом санъати сўз ўйини сифатида фольклорда ҳамиша бўлган ва фарғоналиклар аскиясида айниқса пайровчиликда ўзини бутун ранго-ранглиги билан намойиш этади.
Ажойиби шундаки, ийҳом санъати ўзбек мумтоз адабиётида Мавлоно Умар Лутфий ижодида дастлаб гуллаган бир давр бўлган бўлса, ийҳом бу буюк шоир ижодида ўз халқона хусусиятлари билан ўзгача таждид – янги хусусиятлар касб этди. Лутфийгача ийҳомда анъанавийлик ҳукм сурди ва буни Мавлоно Лутфий ижодида ҳам кузатамиз. Лутфий фольклорга хос бўлган хусусиятлар билан ийҳомни бойитди, янгилади: биринчидан, икки сўзни бирлаштириб янги сўз ясаш ёки аксинча, бир сўзни иккига бўлиб янги сўз ясаш; иккинчидан, ўхшаш товушлардан фойдаланиб, турдош отлардан ёки бошқа сўз туркумидаги сўзлардан атоқли отлар ясаш хусусияти халқ оғзаки ижодигагина хос белги эдики, шоир Лутфий буни ўз ийҳомчилик тажрибасига янгилик сифатида киритди. Қайд этиш лозимки, бу ҳолат, яъни таждид Мавлоно Лутфийнинг нечоғлик халқ оғзаки ижодининг ҳам билағони эканлигини кўрсатади:
Улус ичинда дурур ўз бегим қиё кўзлук,
Иккинчи ўқиш:
Улус ичинда дурур ўзбегим қиё кўзлук,
Хаёли тўқтамиш андин кўнгул саройинда.20
Иккинчи ўқиш:
Хаёли Тўқтамиш андин кўнгул Саройинда.
Мазкур ҳолатда китобхон “Тўқтамиш”ни Тўхтамишхон исми сифатида тасаввур этади. Чунки китобхон иккинчи ўқишда Сарой шаҳрини ҳам “ижод” қилдики, бу Мавлоно Лутфийнинг ўзбек тили имкониятларининг нечоғлик билимдони эканлигининг ажойиб исботидир.
Лутфий юқоридаги ҳодисанинг тескариси: атоқли отдан бошқа сўз ясаш намунасини талаффузни ўзгартириш – халқ ижодига хос усулда ийҳом санъатини яратиш тажрибасини ҳам амалга оширгани диққатга сазовордир:
Ақиқ эрнинг қошида нозук эрмас,
Не яхшилик бор ул асли Яманда? (Лутфий, 224-бет).
Иккинчи хил ўқиш:
Не яхшилик бор ул асли ёмонда?
Мавлоно Лутфийнинг анъанавий ийҳомга бунчалик янги хусусиятлар юқтириб, ийҳомнинг янги-янги навларини яратиши унинг ижодкор сифатида жасорати намунасидир. Мавлоно Лутфий ўз ижодий топилдиғини – анъанага айлантиришга ҳам мойил ижодкордир. “Яманда” ва “ёмонда” сўзлари асосида ийҳом яратишда шоир қуйидаги байтида такрорлаб анъанага айлантиришга замин ҳозирлайди:
Сочтим ҳаваси лаълида чун ёш ақиқин,
Кўзумга боқиб, дедики: “Ҳоли Яман ўлди”.21
Иккинчи хил ийҳомли ўқиш:
Кўзумга боқиб, дедики: “Ҳоли ёмон ўлди”.
Ёзма адабиётда кўп маънолилик яратувчи энг нозик бадиий санъат ийҳомдир. Даҳо шоиримиз Алишер Навоий бежиз қайд этмагандирки:
Агар хосса маъни гар ийҳом эрур,
Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур.22
“Хосса маъни”