деб атадим. Бу китобда “Аёл” туркуми бор. Туркумга Валерий Брюсовнинг “Сен аёлсан, шу билан ҳақсан” мисрасини тазмин қилиб олдим.
Аёл – бизнинг номусимиз, Ватан каби аччиқ, Ватан каби ширин қисматимиздир.
ЗУЛМ ВА ШЕЪРИЯТ 18
Дуняни изладим изғиб, борми деб иймонга йўл…
Ўзбек халқи маънавият дунёсининг тарихи– ҳазрати муҳаддислар, буюк уламолар, улуғ шоирлар ижодиёти ва ҳаётлариниг муборак тарихи бўлганидек, мақтуллар, хўрланганлар, унитилганлар тарихи ҳамдир.
Шоир Абдурраҳмон Водилий (1993–1963) ҳаёти асримизнинг жаҳолат ва чиркин даври– заъфарон юзли, кир тирноқли, ёвуз-маккор ўргумчак тўрига ўралган замонага тўғри келди.
Чин шоир учун Руҳоний Тириклик, оддий тирикчилик доим машаққатли кечган… Аммо ўрис босқинидан кейин машаққат калимаси ҳеч нарса бўлмай қолди. У Илоҳий Руҳни, инсоннинг Ўзлигини, Шахсини бўғди. Ичимиздаги иймонни суғуриб олмакчи бўлди. Бизни бурун остидан бўлак нарсани билмайдирган нафс бандаларига айлантирди. Аллоҳдан айирмак нийяти ила ташланди.
Бу дунёда кечаги, бугунги, эртага бўладиган жамъи жиноятларнинг дояси– ахлоқсизликдир(Абдурраҳмон Водилий).
Ўликлар ичинда тирик, тириклар ичинда унитилганлардан бири шоир Абдурраҳмон Водилийдир. Ундан мерос бўлиб бир “Девон”, Абдурраҳмон Жомийнинг тасаввуфга бағишланган китоби таржимаси, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”, Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” достонларининг қиёсий насрий баёнлари, Муҳаммад Ҳодийнинг “Алвоҳи интибоҳ” асарининг ўзбекча табдили, фарзандларига ёзган ўгитлари қолгани бизга маълум. Аммо бу асарлар ҳаммаси ҳам изсиз йўқолиб кетмагандир, деб умид қиламиз. Бу асарлар топилгай, иншооллоҳ.
Қўлимизда Абдурраҳмон Водилийнинг фарзандлари Абдулборий, Абдурауф, Абдуллатиф, Абдулазизлар кўз қорачиғидай асраб келаётган шоирнинг қоралама асарлари, қўлёзмалари, айрим пароканда парчалар бор, холос. Тасаввуф шоири Абдурраҳмон Водилийнинг асарларини шоир тириклигида, ундан кейин-да узоқ йиллар давомида чоп этишни тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди, албатта. Букун вақти-соати келган экан, Худога шукур.
ЭНГ МАДАНИЯТЛИ АДИБ 19
Асқад Мухтор– ХХ аср ўзбек-турк дунёсини бутун фожеалари-ла, бутун парвозлари-ла мужассам қилган буюк адибдир. Бу аср не эканини, уни идрок этмак не қадарлигини биз– эртага кўмиладиганлар билмаймиз, Яратганнинг ўзи билади.
ХХ аср… Тақрибан, чамалаб, хомчўт қилиб кўрайлик-чи: Асқад Мухторнинг йигирма жилдлик асарлари кўз ўнгимизда ёрқин намоён бўлади. Миллатимизнинг бу муҳташам меросини яна миллатга бир бутун ҳолда етказмак учун букунги адабиёт сардорлари масъулдирлар.
Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади.Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир.