ичкарига тикилди. У бундай қилиши мумкинмаслигини биларди, аммо иродасини ақл эмас, ҳиссиёт бошқариб, ўта қизиқувчан субъектга айланган ҳолда, бақрайиб қаради. Ўзига ром этиб, дилини қитиқлаган овоз соҳибаси, у чамалагандек, янга экан. Кўксигача очиқ, бошқа ерини ингичка тасмага осилган ниҳоятда ҳарир сарафан тиззаларига етар-етмас узунликда ёпган, тугмалари ҳам ўлда-жўлда тақилганидан, юпқа либос остидагиси яққол кўринмаса-да, сочини қуритиш учун сочиқни босиш ҳаракатидан бир ерлари дириллаб одамни бетоқат қилар, қорни тортилган, оёқлари тўғри, лекин ингичка экан, деб баҳолаган йигит ҳаваси кўзининг шокосадан чиқиб кетар даражада эди.
Томошани давом эттириб, бир дам яна турса, ўзини ичкарига отиши ҳам ҳеч гапмас. Фақат бу одим отиши ўзига ҳам қийин туюлиб, ичини ҳадик, хавфсираш чулғаб, атрофга олазарак қараркан, ногаҳон супачадан қўзғалиб, тикка ўтириб олган кампирга кўзи тушди-ю қути ўчди. Кампирнинг уни аяди шекилли, қаттиқ гапирмади:
– Оловиддин, сенми?! Нима қиляпсан бу ерда? Бор жийда тагига, ўшатда чўмил. Бу жой аёллар учун.
Кампир шунча хизмат қилиб, марҳаматига муяссар бўлган ҳашарчига, «эй, иймонсиз», демоқчи бўлдию, лекин бу гапи унга қаттиқ тегиб кетишини англаб, воқеани хас-пўшлашни маъқул кўрган эди.
Оловиддиннинг қулоғига гап кирмас алфозда эди-ю, бироқ у яхши тарбия олганини намоён қилиб, базўр яхши деди. Кетар экан, будка ичига яна бир назар солишни унутмай, калласидан хиёнаткорона бир ўй ўтди: янгани, эндиям бағримга бир босмасам, дунёдан армонда ўтсам керак.
Уларнинг ғўнғир-ғўнғирига югуриб чиққан Қалдирғоч: биров борми? Ким, деганида, орқасига ўгирилмай узоқлашаётган йигитга кўзи тушди.
− Ойижон, шу туришимга кўзи тушдими? − деб қўли билан кўксини тўсди. − Қаердан пайдо бўла қолди?
− Ким билади дейсиз. Ухламабди шекилли. Қўяверинг, бу кўзни нимага чиқарган?! Йигит киши йигитлигига боради. Уятсизлиги ҳам бир сифати, − деди кампир Оловиддиннинг қилиғи нашъа қилиб.
Биринчи жийда тагига борган заҳоти Оловиддин ўзини сувга отди. Сувдан чиқмай, хаёли бояги манзарани такрор-такрор қайтарарди. Аёлларни бунча чиройли қилиб яратган-а, худойим. Бор аъзоси, ҳамма жойи кўзга яқин. Қадди-басти, қош-кўзларидан тортиб, лутфи карамигача ажиб. Ё буларни мен Қалдирғочда кўриб, ҳаловатим йўқолдими? Ё сеҳр тузоғига тушдимми? Йўғ-эй, тирик жонлиги маълумку. Фақат, уни унутиш… Асло. Айниқса, ушбу ҳолатини.
Сувдан чиқиб, йиқилиб қолган эски терак устига бироз чўзилди. Хаёллар гирдобида боши ғувилларди. Стендалнинг “Қизил ва қора” романидаги бўйдоқ йигит, болалар тарбиячиси, икки фарзанди бор оила соҳибасини севиб қолади. Лекин аёлларда бурч муқаддас. Оила обрўси, фарзандининг саодати биринчи ўринда қўйилади. Шунинг учун ҳис-туйғулар пўртанасига тушиб қолсалар (бундай ҳоллар ҳам учраб туради), барибир ўзини саодатини биринчи ўринга қўймай, бировни яхши кўриб қолса-да, муҳаббат қалбини асир қилса-да, ёниб, куйиб адо бўлса-да, муҳаббат деб, оиласидан кечган аёллар кам, Анна Каренина бундан мустасно, чунки у китобларда ёзилган қаҳрамон, холос. Ҳаёт эса