Абдужаббор Обидов

Икки жаҳон оворалари


Скачать книгу

Нега уни руҳан таъқиб этяпти, хаёлини бузиб уйланмаган йигитнинг қонини кўпиртиради. Мияси қизиб, юзи оловланадиган бўлиб қолди, ахир. Эҳтирос тўла кўзларни қаерга яширса бўлади? Ташқарида ёмғир ёғаяпти. Айни муддао. Бошини ёмғирга тутади, шашти пасайса, эҳтимол. У ўрнидан сирғалиб, сизларга омонат, деб турди. Очиқ ҳавода секин юриб хонасига етди. Шерикларидан хабар олди. Карта ўйнаётган эканлар, бир-икки қўл пирра ташлашди. Кравотда чўзилиб, чала қолиб кетган китобини ўқишга тушди ҳам хаёли янгада. Уф. Энди нима бўлади? Қўлидаги китоб: «Граф Монте-Кристо». У Дюманинг асарини рус тилида ўқиркан, дядя Толик:

      − О, машҳур ёзувчини танлабсан-ку? − деб кулди.

      Негадир унинг кўнгли ғаш, ҳафсаласи йўқроқ, ўқиётган жумлалар ҳам бошига кирмаяпти ҳисоб, шунгами атрофидан келган бу савол ҳам ёқмадию, дағал жавоб берди:

      − Нима, фақат сиз ўқишингиз керакми?

      − Нега жаҳлинг чиқади, сўрадим-да. Ё бирор кимса хафа қилдими?

      − Ҳеч ким хафа қилмади.

      − Айтавер, балки бекачададир муаммо, − деб суҳбатга энди Ринат қўшилди.

      Бари бу гапга ҳо-ҳолаб кулишди.

      Ана, холос, улар нимага шама қилишяпти. Ҳар ҳолда кўр эмаслар. Ёқтириб қолганимни сезишган, шекилли.

      Оловиддин шундай ўйдан кейин юмшади:

      − Ғийбатни қўйсангларчи, ёш жувондан шубҳалангунча.

      − Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деган ўзбек мақоли бор. Тўғрими? − деб яна Ринат ҳужумга ўтди.

      − Эй, сенларни. Ундан кўра, юз грамм қуйларинг. Борми, ўзи?

      Оловиддиннинг бу саволига дядя Толик жонланиб деди:

      − Ҳозир карта чийлаймиз, ким ютқазса бориб келади. Сен эса пулинг бўлса чиқар.

      Оловиддин уларнинг оғзини ёпиш учун бақувват пул ташлади.

      Хурсанд бўлиб кетган шериклари кулишди:

      − Энди бека билан истаганча юравер, биз қаршилик қилмаймиз.

      − Ҳей, аблаҳлар. Ҳеч гап йўқ, ахир.

      − Ўзингни оқлагунча, қаддингни ур шоввоз! Токи, кейин армон бўлиб юрмасин, − деб учинчи шериги гапни нуқталади.

      Оловиддин ҳанг-манг бўлиб ўйга тушди: шерикларим вино ичиш билан овора, ҳеч нарсадан хабари йўқ деса. Балони билишаркан.

      Пешиндан ўтганда кампир тушликка чақириб кетди.

      Шериклари туртиб: бор тутинган ўғил. Биз кўрмаган иззатни сен кўр, − дейишди ҳингиллаб. Оловиддин бориш, бормаслигини ҳам билмасди. Одамгарчилик юзасидан чақиришяпти. Тўғри, хизматларини қилди, лекин ҳақини тўлашди. Ҳадеб суллоҳдек бораверса, яхшимас деган ўйда, ҳужрадан чиқиб, бостирма тагида тўхтади. Атрофга назар солди. Симиллаб ёғаётган ёмғирни кузатди. Ҳаво тоза, лекин бироз совуқроқ. Осмонга қарасанг, тунд, қора манзарани кўрасан. Тизиллаб кетма-кет тушаётган томчилар, квадрат уялаб экиладиган чигитлар каби ерда тўр ҳосил қилаяпти. Ана пуфакчалар ҳам бир хил оралиқда тарқалиб ёриляпти. Шуни кашф қилгандек, у такиллаб ерга тегаётган томчиларни бетўхтовлигига маҳлиё туриб қолди.

      Сўнг, уй тарафга қаради. Ромли айвонда кампир қўлини силкиб келинига нимадир деди, шекилли, Қалдирғоч ўрнидан туриб ташқарига чиқди. У ошхонага яқинлашганда,