дуч келишди. У пайтда мам-лакат чегараси умуман қўриқланмасди. Улар уруш деган нарсани, одамлар бир парча ер учун бир-бирларини ўлдиришлари мумкинлигини хаёлларига ҳам келтира олмасдилар. Физиклар қандай жанг қилишни билишмасди.
Зеро, бошланган уруш «Илмус» тарихида биринчиси эди. Шунинг учун шафқатсизлик ва жаҳолат қаршисида илм-у маърифат ҳимоясиз қолди. Ғалабадан сармаст Малика қутуриб кетган, у йиллар, асрлар мобайнида авлодлар юрагида доғ бўлиб келган қасоснинг ҳаммасини физиклардан олди, десак муболаға бўлмас! Ёвуз малика бу халқни ёппасига қириб ташлашга аҳд қилди. Лекин уддасидан чиқолмади. У катталар билан овора бўлиб, болаларни унутганди. Электрод бошлиқ мингга яқин бола Антифизика саҳросига қочиб улгурганди. Бу пайтда улар ўртасида ички кураш кетмоқда эди. Сайёра аҳлининг бутун диққат-эътибори шу жанг тафсилотларига қаратилган, ўзлари ҳам жангга ҳозирланмоқда эдилар.
Истибдод қилинган мамлакат ҳар томондан қаттиқ қўриқлангани учун уларга ёрдам беришнинг сира иложиси бўлмади.
Хуллас, биномликлар (Математика давлати) сайёра томон қандайдир номаълум жисм учиб келаётганини аллақачон пайқашганди. Айниқса, кеманинг пала-партиш бошқарилаётгани аҳолини қаттиқ ташвишлантираётганди.
Мана, номаълум кеманинг улар ерида портлаши ҳам мамлакатда ҳар хил шов-шувга, турли ваҳимали формулаларнинг тарқалишига сабаб бўлди.
Болалар парашутда тушган зонага Куб суворийлар қўриқчи қилиб тайинланди. Улар зонага фақат рухсатномаси бор одам, йўғ-е, фигураларни қўйишар, қолганлар эса худди ёш боладай суворийларни ўраб олиб нуқул саволга тутишарди.
– Қанақа маҳлуқлар экан?
– Маликага тегишли одамлардан эмасмикан?
– Кўринишлари қанақа?
Куб суворийларнинг бири бошидаги антеннасини тўғрилаб қўйди-да, панжарага ёпишиб олиб, шовқин кўтараётган турли хилдаги ҳандасавий шаклларга1 қаради.
– Жим бўларсизларми-йўқми? Қани панжарадан ўн метр нари айрилинглар-чи2, ҳозир марказдан келишлари керак.
Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай баҳайбат, қора рангдаги япалоқ машина дарвоза олдига келиб тўхтади. Унинг ичидан баланд бўйли бир фигура тушиб, Куб суворийга алланималар деди. Шундан кейин панжара дарвоза шарақлаб очилди-да, япалоқ машина ичкарига йўл олди. Машина кўздан ғойиб бўлгач, фигуралар яна дув этиб панжарага ёпирилишди.
Машина муҳофаза чизиғида, яъни ўзга сайёраликлар турган жойдан юз метрча нарига келиб тўхтади. Унинг ичидан қандайдир узун ридо кийиб олган ўн чоғли шакл тушди ва улар турли кўринишдаги асбобларга симларни улаб, ўрната бошлашди.
Чапроққа, чапроққа, – деди пружина сочларига анча оқ оралаб қолган биномлик, – аввал чапдагисини текширамиз!
Лога3 қаёққа кетяпсан, яқинлаша кўрма уларга! Орқангга қайт, – бақирди яна ўша оқ сочли.
Улар телерентген асбобини ҳушсиз ётган Шодмонга йўналтиришди. У кабинада қандай ҳолатда ўтирган бўлса, ҳамон шундай ўтирар, креслоси ён