ичи кенг, ёруғ эди. Бу ерда Омон билан Шодмонга тушунарсиз бўлган аллақандай машиналар кўк-қизил чироқларини ёққанча мусиқага ўхшаш ғалати товуш чиқариб ишларди. Шундай машиналар орасида пирамидасимон, ўрта бўй, бошига тож кийиб олган бир киши қоғозга кўмилиб ўтирарди. Бошидаги тожини айтмаса, бу одам умуман шоҳга ўхшамасди. Шоҳнинг кўзи суворийларга тушди-ю:
– Қўриқчиларимизга математик саломлар бўлсин! – деб ҳар иккиси билан ҳам қўл бериб кўришди.
– Мана, ўртоқ шоҳ ўзингиз айтгандек иккита икс шахсни ҳузурингизга келтирдик.
Омон икс сўзини эшитиб, қаеримиз иксга ўхшар экан, деб у ёқ-бу ёғига қараб олди. Шоҳ Омон билан Шодмонга юм-юмалоқ кўзлари билан узоқ тикилиб турди-да, деди:
– Ундай бўлса, ўртоқ суворий, бу иксларни ечиш керак! Тенгламага қўйиб, – қўшиб қўйди у.
Буйруқ ҳаммадан ҳам болаларни кўрқитиб юборди. Чунки одамни тенгламага қўйиб ечиш мумкинлигини биринчи марта эшитаётган эдилар-да!
Ҳатто Омон оғрирмикан ёки оғримасмикан деган ха-ёлга ҳам борди. Болалар Логага эътибор ҳам қилишмади. Фақат эшикдан чиқаётибгина шу томонга қараб чопиб келаётган новча бўйли йигитни кўришди. Куб суворийлардан бирининг энсаси қотди, иккинчиси «уф» тортиб:
– Яна Лога келаяпти, елимдан баттар, – деб қўйди норози оҳангда. Логанинг юзлари, қўллари оппоқ бўлиб, ҳамма ёғига чизғич излари туширилганди.
– Ерликлар билан суҳбат ўтказиш менга топширилди, иккита икс саволимга жавоб беришсин! – У шошганидан нафас ҳам ростламай гапирди ва ерликларга ўғринча кўз ташлади.
– Мумкин эмас, – деб қовоғини уйди Куб суворий, – ҳозир уларни «тенгламалар» хонасига олиб кетаяпмиз!
«Тенгламалар» хонасини эшитиб, Лога болалар қаттиқ текширувдан ўтказилишини, бу яқин орада улар билан гаплаша олмаслигини тушунди. Кейин «Хайр» деб болаларга бир-бир қараб қўйди-да, ортига қайтди.
Мана ниҳоят, болалар призма шаклида ишланган, кўк бинога етиб келишди. Куб суворийлар уларни кичкина хонага киритиб, баланд силиндр «стул»га ўтқазиб қўйишди. Кейин бош, қўл-оёқларига турли рангдаги симларни улаб, детектор мурватларини бурашди. Детектор инсондаги биотокларга таъсир этиб, иксни ечар ва шу номаълум шахс тўғрисидаги айрим маълумотларни аниқлаб бера оларди.
Шундай қилиб тут-тутлаб детектор ишлай бошлади. Икки суворий бўлса экранда тез-тез ёниб ўчаётган ахборотни зўр қизиқиш билан ўқиб борарди.
Детектор: «Қуйидаги берилган икки номаълум шахс Ер деб аталмиш сайёра одамлари бўлиб, бизнинг йил ҳисобимиз бўйича 2788 йили туғилишган. Иккисининг ҳам ёши тенг. Ҳакимов Омон: тўртбурчак шаклидаги нотекис фигура, бурчаклари ёйсимон шаклда. Узунлиги 160 сантиметр, кенглиги 20 сантиметр, оғирлиги 54 килограмм. Спорт билан шуғулланади. Мия қобиғидаги чизиқларга қараганда билим майдонига ҳеч қандай экин ва гуллар экилмаган, сувсиз чўл бўлиб ётибди. Тафаккур боғлари ҳам йўқ.
Шундай қилиб машина Шодмонни ҳам боплаб таърифлаб берди.
«Улар сайёрамизга