уларни биздан ҳам ақлли бўлишса керак, деб ўйларди. Ҳар кунгидек бугун ҳам у тиббий тажрибахонага отланди. Лога ўзи юрар сариқ йўлкачадан у ерга олиб борадиган кўк йўлкага чаққонлик билан ўтиб олди.
Тиббий кўрик лабораторияси турли хил ҳандасавий шакллар билан гавжум. Худди ўзга сайёраликлар деразадан мўралаб қоладигандай, иккинчи қаватдаги юмалоқ деразага тикилиб туришибди. Лога ўз йўлида учраган Трапетсия, Паралеллепипед, Конус, Силиндр шаклидаги ҳар хил фигураларни туртиб-суртиб олдинга ўтди. Доим жиддий юрадиган, ҳаммага шубҳа билан қарайдиган Куб суворийга рухсатномасини кўрсатди:
– Йўқ, йўқ, ҳозир бунақа рухсатнома ўтмайди, эскириб қолибди, «а2 + б2», вой-бўў, жуда эски!..
Нимаси эски, мамлакатимизда бу формулани ўзгартирадиган азамат чиқмади-ку, ҳали. Ахир мен журналистман, – жон куйдириб гапирди Лога.
Eски дегандан кейин эски-да, нима қиласан керакмас сонни5 кўпайтириб.
Лога янги рухсатнома топгунча тоза овора бўлди. Рухсатномани баланд кўтарганча яна фигураларни ёриб олдинга ўтди ва уни Куб суворийга кўрсатди. Ҳамма ҳавас билан Логага қараб турарди.
– Яшасин, бор экансиз-ку, оғайни. Аксиомаларни жуда яхши кўраман-да! Исбот талаб қилмайди, исбот. Шундоқ ҳам ишониш мумкин. Лога норози қиёфада Куб суворийга қаради-ю, индамай ичкарига кириб кетди.
«Нима қилса ҳам кубда, ўзини катта тутади. Миллион хил хоссаси бор. Перпендикуляр томонлар, параллел тўғри чизиқлар, ҳаммаси унда, шунга кеккаяди-да», деб қўйди ичида Лога.
У узун, ойнаванд дахлиздан ўнгга бурилиб, эшикни очди. Лабораторияда ҳеч ким кўринмади. Кейин мажлислар залига ўтди-да, эшикни қия очиб, ичкарига мўралади.
Президиумда мамлакат подшоси Пирамид Тўғричизиқович, Арифметикахоним ва яна бир қанча обрўли кишилар ўтиришар, тиббий аниқлаш тажрибахонаси бошлиғи ўзга сайёраликлар соғлиғи ҳақида маълумот бераётганди.
Лога бўш ўриндиқлардан бирига аста ўтириб олдида, қогоз, қалам олиб, алланималарни қитирлатиб ёза бошлади.
– Ҳозир беморларнинг аҳволи анча яхшиланиб қолди. Яқинда туриб юришга рухсат берамиз. Шунинг учун кейинги муносабатимизни аниқлаб олишимиз керак. Бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин, Пирамид Тўғричизиқович?
Подшоҳ бошидаги учбурчак тожини тўғрилади-да, салмоқланиб ўрнидан турди ва лавозимига ярашмайдиган майин овозда сўзлай бошлади. Математикларга хос хусусият қисқа ва аниқ сўзлаш. Шунинг учун ҳам Пирамид Тўғричизиқович гапни чўзиб ўтирмади.
– Авваламбор бу икки икснинг шахсини аниқлаш лозим. Нима мақсадда келишган? Балки уларга ёрдам керакдир? Балки улар Ёвуз малика томонидан юборилган айғоқчилардир, – деди-да бир оз жимиб қолди. – Бундай дейишимга асос ҳам бор. Ўзга сайёраликларнинг ташқи кўриниши Маликанинг одамларига ўхшаб кетади. Бунинг устига ракета ҳам физикларники! Хуллас, уларни детектор орқали текшириш керак. Таклифлар бўлса марҳамат. – Подшоҳ гапини тугатди ва жойига бориб ўтирди.
Ҳаммага бу таклиф маъқул тушди. Шу билан мажлис тугади. Лога тиббий