– деди Шокир ака қўлимдан тортиб.
Мен унга норози бўлиб кўз ташладим.
– Жим ўтир, – деди у яна қўлини илкис силкиб.
Ҳайдовчининг ёрдамчиси пастга тушиб кетди. Бироздан кейин “қарс-қурс” этган овоз чиқди. Кимдир ингради. Сўнг бирин-кетин икки киши автобусга чиқди. Бирови қўлидаги тўппончани бироз ўйнаб турди-да:
– Ҳамманг чўнтагингда борини чиқар! Агар ким пулини яширса, итдай отиб ташлайман! – деди.
– Қирғин келсин сенларга! – бақирди аёллардан бири. – Йўлтўсарлик қилиб мол топгунча очингдан ўлганинг яхши эмасми?!
– Ҳов, манжалақи, яна бир марта сайрайдиган бўлсанг, тилингни суғуриб оламан, тушундингми?! Босиб ўтир-да, айтганимни сумкачангдан чиқариб тур, ҳозир ёнингга бораман! – деди ўша йигит дағал овозда.
Пешонамдан тер чиқиб кетди. Отам бор-йўғи беш юз сўм берган. Йўл ҳақини тўласам, шимилдириқ ҳам қолмасди. Оёқ-қўлим титраб, бутун умидимни кўзимга жамлаб, Шокир акага қарадим. Кўринишидан у мендан баттар аҳволда эди, биров бўғаётгандай тез-тез нафас олар, кўзлари аланг-жаланг боқарди.
Аксига олиб, зўравон “чўтал” йиғишни энг орқа ўриндиқлардан бошлашини айтди-да, биз томонга лапанглаб кела бошлади.
– Тўхтанг, ука, – деди бир маҳал, боя қўлидаги қана-қадир матоҳ билан телефон қилган киши йўлтўсар унинг ёнидан ўтиб кетаётганида ўрнидан туриб, – бир нарсага келишайлик.
Зўравон тўхтаб унга ўгирилди-да, афтини буриштириб қаради:
– Қани, – деди беписанд оҳангда, – нимага келишмоқчи бўлаяпсан?
– Манавини қаранг, ука, – деди йўловчи бояги матоҳини унга кўрсатиб, – нархи қиммат, “кўк”ида етти юз туради. Шуни сизга берайин-да, бошқаларга тегинмасдан, орқангизга қайтинг.
Йўлтўсар унинг қўлидаги матоҳни олди ва обдон айлантириб кўрди. Сўнг нимадандир норози бўлди, шекилли, афти бужмайди.
– Бунинг нима ўзи? – деб сўради.
– Қўл телефони, – деди йўловчи хотиржам овозда, – бу билан ўзимиз тугул, дунёнинг исталган точкасига телефон қилиш мумкин.
– Йўғ-э! – деди йўлтўсар кўзлари ҳайратдан чақчайиб, – шунақасиям чиқдими ҳали?! Қойил, сим-пим йўқ, хоҳлаган жойингга телефон қилаверасан. Қани кўрсат-чи, қандай ишлатади буни?
Йўловчи эринмасдан, тугмаларни бирма-бир босиб кўрсатди. Сўнг: “Хоҳласангиз, мана ҳозир Тошкентга телефон қиламиз”, деб рақам тера бошлаган эди, зўравон унинг қўлидан матоҳни юлқиб олди-да:
– Бу ёғини ўзимга қўйиб беравер, – деди ўшшайиб, – лекин-чи, бу аппаратинг билан қорин тўйғазиб бўлмайди. Пул керак, муллажиринг керак бизга. Шунда белимизам бақувват бўлади, қорнимизам тўяди. Майли, буни сендан подаркага оламан. Нима қипти, эслаб юрамиз-да, фалон автобусдан интеллигентний кийинган, галстукчалари осилиб турган одамдан совға деб… Энди чўнтагингдагини чиқар!
– Унда телефонни бер, – деди йўловчи бу сафар сенсираб, – биратўла ҳам бўйидан, ҳам энидан урасанми? Ўғри бўл, ғар бўл, инсофи билан бўл-да!
– Вой итдан тарқаган, ҳали биз ғар бўп қолдикми, ўзинг-чи, ўзинг кимсан?! Манавини, – у кўзи чақчайганча қўлидаги матоҳни кўрсатди,