Скачать книгу

узди. Бир зумда ғала-ғовур ўрнини қий-чув, дод-вой эгаллади. Аёллар ҳайҳайлашиб жойжойларига қайтишди, шошганидан баъзилари бир-бирининг устига чиқиб ҳам кетди.

      Уларнинг таҳликага тушганини кўриб зўравон маза қилиб кулди. Сўнг бирдан жиддий тортиб:

      – Жуда эзмаланиб кетдинг, давай, чўнтагингда борини бу ёққа чўз! – деди бояги йўловчига.

      – Бўпти, – деди у ҳам бу гал эзмалик қилиб ўтирмай ва чўнтагидаги бор-будини чиқариб унинг қўлига тутқазди.

      – Ўҳ-ҳў! – дея иржайди йўлтўсар қўлидаги пулни салмоқлаб. – Энди анави бармоғингдаги узукни ҳам еч.

      – Инсоф қилинглар, – деди йўловчи дадил овозда, – хотинимнинг совғаси бу, ҳеч кимга берилмайдиган.

      – Айни шуниси керак-да бизга.

      Иягининг остига тўппончанинг учи тиралганидан сўнг, узук ҳам жойидан қўзғалди. Очиғи, унга жудаям ичим ачиб кетди. “Шартмиди ҳамма нарсасидан бирдан айрилиб қолиши? – ўйладим ичимда. – Озгина тилини тийиб турганида, бу падарингга лаънатилар пулларини олиб, қолган нарсаларига тегинмай тушиб кетишарди-ку”.

      Бечорани шип-шийдам қилган зўравон автобус охирига келиб ўтирмай, кейинги ўриндиқда ўтирганларни шилиб кела бошлади.

      – Манавини ол, – дея биқинимга туртди бир маҳал Шокир ака.

      Қарасам, қўлида пул бор.

      – Нима қиламан? – пичирлаб сўрадим.

      – Анави эшикнинг тагига отиб юбор, – деди у ваҳимали шивирлаб.

      Мен зўравондан кўз узмаган кўйи Шокир аканинг қўлидаги пулни олдим. Аммо отиб юборишга улгурмадим. Ташқарида қандайдир машина “ғийқ” этиб тўхтади, кейин “тарс-турс” этган товуш чиқиб, кимнингдир инграгани эшитилди. Миямдан: “Ҳайдовчининг ёрдамчисини бир ёқли қилиб қўйишди-ёв”, деган ўй яшин тезлигида ўтди. Кимдир: “Милиция!” – дея қичқирди.

      Зўравон билан унинг ортидан келаётган шериги шошапиша автобуснинг олд томонига югуришди. Аммо орқада кетаётган зўравон эшиккача етиб боролмади. Боягина ҳамманинг кўз олдида ечинишга-да тайёр бўлиб турган ориққина йўловчи ўтирган жойидан сакраб турди-да, ёнидан югуриб ўтиб кетаётган зўравоннинг орқа миясига чунонам мушт туширдики, йўлтўсар овоз чиқаришга-да улгурмай йўлакка юзтубан гурсиллаб қулади. Кейин у бир ҳатлашда йўлтўсарнинг шеригига етиб олди ва икки оёғининг орасига туфлисининг учи билан тепди. Ана энди чинқириқни эшитинг. Ўйлашимча, мендан узоғи билан бир-икки ёшгина катта, манави зўравон акаларининг қаноти остида иягини осмон қилиб юрадиган йўлтўсарваччанинг эркаклиги моматалоққа айланиб кетди-ёв. У нозик жойини икки қўллаб бекитганча, тор йўлакчада буралиб шунақанги ўкирардики, наърасидан баъзи кўнгли бўш хотинларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.

      Қолган воқеалар кўз очиб юмгунча содир бўлди. Автобус ичига ниқоб кийган, ҳарбий кийимдаги, қўлларида автомат ушлаган бақувват йигитлар қирғийдай учиб киришди. Агар энди ҳақиқий қаҳрамонга айланган ўша йўловчи қизил гувоҳномасини чиқариб кўрсатмаганида, бу йигитлар ҳамма эркакларнинг пешонасига қурол тираб, қўлларимизни орқага қайириб пастга олиб тушар, балки бир-иккитамиз мушт