Нуриддин Исмоилов

Бахтнинг олис манзили


Скачать книгу

бироз ўзимни босиб олдим ва тўхтаб ортимга ўгирилдим. Қаердандир Нормат ака пайдо бўлибди.

      – Ака, – дедим энди Нормат акага мурожаат қилиб, – менга уришишни ўргатинг.

      Гапимдан иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб, бир-бирига қараб олишди.

      – Ҳов бола, – деди Шокир ака, – гапир бундай, нима бўлди ўзи?

      Шундан кейин мен уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Гапимнинг охирида:

      – Отамга ваъда берувдингиз-ку, Шокир ака, қараб юраман деб, – дея ўпка-гинамни ҳам билдириб қўйдим.

      – Ким юр деса кетаверасанми, эшшак?! – бақирди Шокир ака. – Сал одамнинг турқи-тароватига қараш керак, кимлигини билиш керак, ундан кейин ишга борилади-да!

      Мен ғинг демадим, бошимни эгиб туравердим. Бунга сайин, Шокир ака жазавага тушиб, боласини уришгандай бидирлайверди.

      – Қўйинг, ака, – деди охири Нормат ака уни “сайраш”дан тўхтатиб, – бу ҳали ёш бола-да, яхши билан ёмоннинг фарқини қаердан билсин? Бу-ку, майли, ўзимиз ҳам ҳозир биров етакласа, кетаверамиз, тўғрими? Кетдик, ҳали иш кўп. У ёғи бир гап бўлар. Дунё сўроқсиз эмас-ку, магазини бўлгани билан осмонни ушлаб турмагандир.

      Унинг гапидан кўнглим кўтарилди, ҳурматим ошди. Худди ўзимнинг акамдай кўриб кетдим. Сал қолди қучоқлаб олишимга. Шу маҳал ёнимизга бир йигит келди. Ёши ўттизлар атрофида.

      – Йигитлар, иш бор, қиласизларми? – дея сўради.

      – Неча пул берасиз? – сўради Шокир ака унга бошдан-оёқ қараб чиқиб.

      – Кароче, эллик сўмдан. Фақат яна учта одам. Сизлар камлик қиласизлар.

      – Нима иш? – деди Шокир ака.

      – Битта тунука бор. Шуни узоғи билан бирор километр наридан олиб келишимиз керак.

      – Қўшинг.

      – Ўзи битта тунука бўлса, нимасига қўшаман?

      – Биз қиладиган меҳнатимизга яраша сўраяпмиз. Бир километр жойга бориб келгунча битта мошинадаги юкни туширса бўлади, олти киши. Юздан ками кам.

      – Бўпти, етмиш беш! Бирпасда бўлади.

      Шокир ака кўнди, мен хурсанд бўлдим. Ҳар қалай, анави ярамаслардан узоқроқ, кўнглим хотиржам бўлади. Ҳеч кимдан хавфсирамайман.

      Бозордан чиқиб, бироз тепаликка юрдик. Дарахтзор бошланди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ҳеч ким гапирмайди, жим кетиб борамиз. Ора-чора дарахт шохида бир қуш сайраб қўяди. Юракка ғулғула тушади. Шериклардан ортда қолмасликка ҳаракат қиламан. Ҳеч юракнинг ўйноғи босилмайди. Сабабки, қабристон ичидан кесиб ўтаяпмиз. Тўғриси, қабристонга кундузи боришга қўрқардим, ҳозир оқшомда юришнинг ўзи бўладими? Ўлганнинг устига тепгандек, олдинда кетаётган иш берувчи: “Эҳтиёт бўлларинг, эски қабрлар омонат, босволиб ичига тушиб кетманглар тағин”, деб огоҳлантириб қўядики, одамнинг юраги ортига тортиб кетади.

      Масжидга ўхшаган бир иморат қурилаётган экан: пишиқ ғиштдан терилган баланд деворлари битган, устига шифер қоқилган, лекин ҳали эшик-роми ўрнатилмабди. Бино ичига кирдик. Тўғриси, аввалига ичкарига оёғим тортмади. Чунки кинода кўргандим, одамларни мана шундай овлоқ жойга олиб келишиб, отиб ташлашади. Бироқ ташқарида