қараб чиқибди-да, секин машинага ўтириб, менга жилмайибди. Оҳ, ўшанда унинг сулувлигини бир кўрсангиз эди! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам бу дунёсидан кечиб юборган бўлардингиз! Аммо ширин лаҳзалар узилди, кимдир: “Онагинангни…”, деб сўкди. Ортимга ўгирилиб қарасам, отам. “Ўлдим!” – деб бақирибман ва машинадан туша солиб қочибман…
У ёғини билмайман, нима бўлди? Уйғониб кетдим. Қарасам, шерикларим аллақачон ўринларидан туриб, ювиниб ҳам бўлишибди. Соат кечки бешни кўрсатиб турибди. Ноилож жойимдан турдим.
Кўрган тушим ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Юрганимдаям-турганимдаям хаёлимда айланаверади. Машина миниб қишлоққа борганимга хурсанд бўлсам, отамнинг сўкканидан эса кайфиятим тушиб кетади. Шунданми, билмадим, ишимнинг ҳам тайини бўлмади.
Орадан ўн кун ўтди. Анча-мунча пул жамғариб қўйдик. Энди бу пулларни ўзимиз билан олиб юришимиз ёки ижара уйда (гарчи бу ер аввалгисидан ишончлироқ бўлсада) қолдириб кетиш хавфли эди. Хотин, бола-чақасидан хабар олиб келиш учун Нормат ака қишлоққа кетадиган, биз бир кун ейиш-ичишимизга етадиган пул олиб, қолганини унга бериб юборадиган бўлдик. Лекин мен унинг кетишини ҳечам истамаётган эдим. Ҳар қалай, камгап бўлса-да, Шокир акадан кўра, унга кўпроқ суяниб қолгандим. Хоҳламаётганимнинг яна бир сабаби эса, мени урган ўша дўкончининг (уни бошқа кўрмадим, балки бирон ёққа кетгандир, эҳтимол, шу жипириқ бола билан муштлашиб юраманми, дея қўл силтаб қўя қолгандир) мени қидириб келиб қолишидан хавфсираётгандим. Аммо начора? Унинг бола-чақаси қишлоқда, хабар олиб келиши керак.
Орадан икки кун ўтиб, у қайтиб келди. Айтишича, отамнинг димоғи чоғ бўлибди: “Лақманинг боласидан ҳам одам чиқаркан-да”, деганмиш. Бу гап менга алам қилиб, Нормат акага ўқрайиб қарадим. Назаримда, у менинг, отамнинг, умуман, уруғ-аймоғимнинг лақмалигини эсимга солаётгандай, камситаётгандай эди.
– Ишқилиб, бериб юборган пулларимиздан чўнтагингизда оз-моз қолиб кетмадими? – дедим унга ҳам бир ниш санчиб қўйиш мақсадида.
– Ни-ма?! – деди у бирдан кўзи олайиб устимга бостириб келаркан. – Яна бир қайтар-чи!
– Қўй, – деб унинг олдини тўсди Шокир ака, – ёш бола, билмай гапириб қўйди-да. Шунга уришишинг керакми? Кап-катта, бола-чақали одам…
– Йўқ, эшитдингизми унинг гапини… Ҳов бола! – деди у ўқрайиб. – Бир тийинингни обориб бермайман энди. Сволич! Яхшиликни билмаган ҳайвон!
Шунақанги тилим қичидики, зўрға тишимни-тишимга босиб чидаб турдим. Биламан, агар бирор нима дейдиган бўлсам, аяб ўтирмайди. Бундай пайтда жим туриш – энг яхши йўл (ўша пайтда мен содданинг шунга ақлим етганини қаранг).
Шундан кейин ҳам анча вақтгача Нормат аканинг қовоғи очилмади. Шокир акага гапиради-ю, менинг юзимгаям қарамайди. Ўлай агар, ёрилиб кетай, дедим. Охири кечирим сўрадим. “Билмай гапириб қўйибман”, дедим. Шу-шу олам гулистон, аввалгидек ака-укага айландик.
Бозор энди қишлоғимдай бўлиб қолди. Қаерда нима сотилади, дўкони қанақа-ю одамлари – хуллас, менга беш қўлдай маълум. Энди қаерга бўлса, шерикларимсиз кетавераман. Шундай кунларнинг