Фақат Нигорани кўриб қолсам ёки овозини эшитсам ҳали ҳам ичимда титроқ пайдо бўлади, лекин гаплашишга қўрқардим. Мабодо гаплашиб қолсам Индира опа қувиб юборади, деган хавотирим ҳам бор. Гап у берадиган пулда эмас, албатта. Қувса, яна “Ипподром”га бориб мардикорчилик қилиб юравераман. Қайтанга эркин бўламан, хоҳласам ишлайман, хоҳламасам ижара уйда оёғимни узатиб ётаман. Энг ёмони, қувилсам, Индира опанинг қизи – соҳибжамол Нигорани кўриб туришдан маҳрум бўламан.
Уни энди кўрмасдан туролмайдигандайман. Унинг ха-ёли мени буткул ўзига боғлаб олган, ажрасам, ўлиб қоладигандайман, назаримда. Бу нарса кундан-кунга кучайиб бораяпти.
Бора-бора, ўзим сезмаган ҳолда, унинг жамолини кўриб қаноат ҳосил қилмайдиган бўла бошладим. Бошда, зарурат бўлмаса-да, бирон ишни: “Қилайми, қилмайинми?” – деб атай ундан сўрардим. Унинг жавоби эса, доим бир хил: “Билмадим, ойимлардан сўранг”. Дарвоқе, кузатувларимдан аён бўлдики, бу уйдагилар Индира опанинг амрига бўйсунаркан. Эри Маҳкам ака қўғирчоқдай гап. Индира опанинг измидан бир қарич четга чиқмайди.
Эрталаб ишга (дарвоқе, у институтда дарс берар экан. Уни дастлаб кўрганимдаёқ домла бўлса кераг-ов, деб ўйлагандим. Адашмаган эканман) шошаётган бўлса-да, чой ичмай опани кутиб туради. Бошқа масалада-ку, қўяверасиз: “Индирахон, хўп-хўп…”, “Индирахон, шу ишни қилсак қандоқ бўларкан?” “Индирахон, сиз нима дейсиз?” Баъзан унинг гаплари энсамни қотирадики, дод деб юборгим келарди. Қишлоғимизда эркак кишининг хотинини сизлаганини эшитмаганман. Бунисиям майли, аммо ҳожатхонагаям маслаҳат сўраб борса, чизган чизиғидан чиқмаса – бунисини ҳазм қилиш қийин бўларкан. Тўғри, қишлоғимизда ҳам бор бир-иккита хотинининг қулига айланганлар, лекин улар ҳам бунчалик паст кетмайди. Ҳар қалай, кўп ишларни ўз ихтиёрлари билан қилади.
Шунга қарамай, Маҳкам аканинг бир нарсасига қойил қолардим. Уйда ўзининг алоҳида ишхонаси бор эди. Бирикки марта Сора опа ўша хонани тозалаётганида мени чақирган, оғирроқ столни суриб бергандим. Ишонасизми, у ердаги китобларни бирма-бир ўқиб чиқиш у ёқда турсин, санагунча тинка-мадорингиз қуриб кетади. Маҳкам ака ана шу китоблар орасида кунига камида бешолти соат ўтиради. Ўқийди, бир нарсаларни ёзади, шун-чалик берилиб кетадики, хонасига кирганингизни сезмайди. Бундай пайтда уни ҳеч ким, ҳатто Индира опа ҳам безовта қилмасди. Фақат мен бошида билмасдан кириб қолганман. Сора опа роса койиб берган: “Иккинчи бундай қилма, агар Маҳкам ака ишлаётганда уни безовта қилсанг, сени кечиришмайди”, деган.
Чалғидим шекилли. Нигора ҳақида гапираётгандим. Хуллас, уни аста-секин ўзимга ўргатиб олдим. Энди елкасини қисиб, кулимсираб: “Билмадим, ойимдан сўранг”, демайди. Мен билан чиқишади. Куни кеча: “Гулнинг тагини юмшатиб, ундан кейин сув қуйиш керакми ёки сув қуйиб қўйса ҳам бўлаверадми?” – дея сўрадим. Аслида, гулларнинг парвариши билан мен шуғулланмасдим. Сора опадан ортмайди бундай ишлар. Буни Нигора ҳам билади, бироқ бироз ўйланиб турди, сўнг мен билан гаплашгиси келдими: “Сиз нима деб ўйлайсиз?” – деб саволимга савол билан жавоб