овоз келган томонга ўқрайиб қарадим, кейин оёғимни зўрға судраб унинг ёнига бордим.
– Бугун уйга меҳмон айтиб қўйганман, Сора опанг билан бирга бозорга чиқиб келасанлар. Тез кийимларингни алмаштир.
Индира опа гўё ҳеч нарса бўлмагандай буйруқ берарди. Ҳатто юзида қувонч аломатиям бордай. Бу мени ажаблантирди. Ёшликдан бир одатим бор: биров билан гапим сал келишмай қолса, қайтиб юзига қарагим келмайди. Опанинг ўзини тутишидан жаҳлим қўзиди. “Боплаб уришдимми, энди тезда буйруғимни бажар”, деяётгандай. Аммо ҳеч нарса деёлмадим, бошимни қимирлатиб, маъқулладим, холос.
Индира опа билан супермаркетда савдо қилганимда, унинг қўли очиқлигига тушунмагандим. Сора опа ҳам ундан қолишмас экан. Бозордаги сархил меваларнинг нархини суриштирмай: “Икки кило, уч кило тортинг”, деб айтавераркан. “Менга нима, – ўйладим охири, – пулим кетмаётган бўлса, билганини қилмайдими?”
Бозорлаб келишимизга узоғи билан икки соатча вақт кетди. Нарсаларни олиб кетаётиб, ошхонада Нигорага дуч келиб қолдим. Унинг юзида ҳам хафалик аломати кўринмади. Жилмайиб, кўзини қисиб қўйди. Шу билан кўнглимдаги ғубор тумандай тарқаб, кайфиятим кўтарилди. Авжим келиб, сулувга бир нима демоқчи эдим, анави анакондадан қўрқдим ва хаёлимга: “Наҳотки шу илондан ҳам фаришта туғилса?!” – деган ўй келди.
Нигора ошхонадан тез юриб чиқиб кетди. Кўнглим хуфтонга айланди-ю, лекин у тўғри қилди. Ҳозир Индира опа (қизини кўрганимда уни илонга ўхшатгим келмасди) кириб қолса, яна бир нималар деб иккаламизниям чақади.
Тайёргарлик зўр бўлди, меҳмонхонадаги стол устига ёзилган дастурхоннинг кафтдай жойи очиқ қолмади ҳисоб: қази-қарта дейсизми, “кока-кола”дан тортиб, турли хил спиртли ичимликлар дейсизми, шўр данаг-у бодом дейсизми – ҳаммаси тахт. Буларни кўриб: “Меҳмон каттароқ идорада ишласа керак”, деб ўйладим. Ўйим нотўғри чиқди. Қуёш ботиб, атрофга қоронғилик этагини ёзган маҳали, бир-биридан юпун, калта, очиқ-сочиқ кийинган семиз-ориқ, узун-паст олти нафар аёл кириб келди. Индира опа уларни ўзгача тавозе билан кутиб олди. Фақат Маҳкам ака хонасидан чиқмади. Ҳеч ким уни безовтаям қилмади.
Меҳмонлар билан бирга Индира опанинг ёнидан Нигора ҳам жой олди. Уям гарчи ўзининг уйида эса-да, ясан-тусан қилиб олибди. Яна денг, калта юбка билан қизил футболка кийиб олган, киндиги кўриниб турибди. Ғашим келди. Бироқ на илож? Бирон нима дейишга рухсат йўқ.
Очиғи, бу аёлларнинг эркаклардан фарқи йўқ экан: қадаҳларини тўлдириб ароқ ичишади, оғизларини тўлдириб овқат чайнашади. Хохолаб кулишади. Гапларини-ку, айтишга тилим бормайди. Дастлаб эшитганимда қизариб-бўзариб кетдим. Кейин… кейин даврадаги кайфият таъсир қилдими, кўникиб қолдим. Шу боис, ҳеч уялмасдан Сора опа сузиб берган таомларни уларнинг ёнига ташийвердим.
– Вой-вўй! – деди оппоқ елкасидан кийимни кўтариб туриш учун ғалтак ипидай келадиган ип ўтказиб олган, кўкрагининг ярми очиқ, қоп-қора сочлари елкасига тушиб турган, ўттизлар атрофидаги жувон менга қараб. – Бундай кетворган йигитни қаердан топа қолдингиз,