айтаётган гапларим. Ўша пайтда у шунчаки Тўраевичлигини айтганида, менга ёқмаганди.
Оппоқ “Нексия”да ўзимни жуда бошқача ҳис этдим, гўё машина меники-ю, ҳайдовчим рулда ўтирибди. Ястаниб орқа ўриндиқда ўтирибман. Пиёда кетаётган одамлар кўзимга бечораҳол бўлиб кўринади
Ғўдайиб ўтириб манзилга етиб келганимизни сезмай қолибман. Қаршимизда ҳайҳотдай кўкимтир дарвоза турибди. Маҳкам Тўраевич ёшига ярашмаган чаққонлик билан машинадан ирғиб тушди-да, қўнғироқни босди. Биласизми, ўшанда сезиб қолдим: у тугмачани жуда эҳти-ёткорлик билан босган эди.
Бироз ўтиб, дарвозанинг кичкина табақаси очилди. Ва… ичкаридан тўлишган ойдай сулув бир санам чиқиб келди, оғзим ланг очилиб қолди. Очиғи, спорт кийими кийган қиз болага шаҳарга келганимдан бери кўзим кўп тушган. Аммо бунақаси… Юзи сутга чайилгандай оппоқ, қоп-қора сочлари елкасини тўлдириб турибди, қайрилма қошу узун киприклар узукка кўз қўйгандай. Келишган қадди-қоматига-ку, очиғи, таъриф йўқ. Менман деган рассом ҳам кўзи билан кўради-ю, лекин ўхшатиб чизолмайди. Буниси аниқ. Чунки бу қизга кўзи тушса, тамом, ҳайратдан қотади. Менга ўхшаб довдирайди… Фақат… Чунки қизғанасиз, қизғанмай иложингиз йўқ. Унинг табассумини бир кўрсангиз эди. Юрагим гупиллаб уриб кетди. Бутун танамга титроқ кирди. Пешонамга тер теп-чиди, чамамда. Бутун дунёни унутиб, дарвоза ёнида хиёл эгилиб отасининг юзидан ўпиб қўяётган қизга бақрайганча қараб қотиб қолибман.
Аммо сулув биз томонга бир қараб ҳам қўймади, дарвозадан қандай чиқиб келган бўлса, шундай ичкарига кириб кетди. Дарвозани эса Маҳкам аканинг ўзи очди.
Ичкаридаги манзарани таърифлашга тил ожиз. Икки қаватли уй қаср, ҳовли ўртасида фаввора отилиб турибди, сал чапроқда ҳовуз. Атрофи кўм-кўк майса. Ҳовуз билан фаввора оралиғида чиройли шийпонча бор, фақат усти очиқ. Уларга алоҳида-алоҳида йўлакчадан борилади. Йўлак четида турли-туман гуллар очилиб ётибди, кўриб кўнглинг яйраб кетади.
Маҳкам ака бизни тўғри шийпонча томон бошлади.
– Мана шунинг устига шифер қоқиш керак, – деди.
Узоғи билан икки соатлик иш. Қўйиб берса, ўзим бунинг уддасидан чиқаман. Маҳкам аканинг юзи рангпар, ўзиям нимжондай. Шиферни ўзи қоқиб ташласаям бўлаверарди, ҳарна, озгина чиниқарди. Бе, бунақанги бойваччалар қўлини совуқ сувга урармиди? Тайёр овқатни оғзига солиб чайнасаям катта гап… Лекин бизни олиб келгани ҳам яхши бўлди-да. Баҳонада анави қизни кўрдим. Дунёда шунақанги сулувлар ҳам бор экан.
– Шифер подвалда. Ҳозир обориб кўрсатаман, – деди Маҳкам ака.
Ертўла, тўғрисини сизга айтсам, бизнинг қишлоқдаги меҳмон кутадиган уйимиздан ўн баравар катта. Бу ерда ҳам ҳовуз. Стол-стул. Оёқ остига чўғдай гилам тўшалган. Юмшоқ ўриндиқлар… У ёғини мендай қишлоқнинг содда боласи қандай таърифласин?
Ишни бошладик. Очиғини айтадиган бўлсам, жон-жаҳдим билан ишладим. Бу сафар кўпроқ пул ишлайман, деган ниятим йўқ эди. Қани, бояги соҳибжамол ҳовлисига чиқса-ю, ишимни кўрса. “Ҳаракатлари чаққонгина бола экан”, деса. Яна ора-чора, туя ҳаммомни