Нуриддин Исмоилов

Бахтнинг олис манзили


Скачать книгу

зўрини топиб бўлмайди, – деди Шокир ака кўрпачалардан бирини тўшаб устига ўтирар экан, – хўжайинлар – эр-хотин қариб қолишган, нарсаларимизни ҳам бемалол қўйиб кетишимиз мумкин. Биров тегинмайди.

      – Айтиб бўладими? Яна бирорта хонасига одам қўйса… Ҳозир ўғридан кўпи бормикан, ўзимизга пишиқ бўлиб, бор ашқол-дашқолимиз… – Нормат ака тутилиб қолди. – Ўзи қанчагина нарсамиз бор?

      Дарвоқе, у энди гапга қўшиладиган бўлиб қолганди.

      Хуллас, биз жойлашиб олганимиздан кейин, яна икки соатлар чамаси дам олдик, сўнг ювиниб ишга отландик.

      Пайшанба катта бозор бўларкан, Қозоғистондан савдогарлар келиб мол олиб кетишар экан, иш кўп.

      Мен ҳар бир машина юкини тушираётганимизда ўзимча чўнтагимдаги пулнинг ҳисобини оламан, назаримда, ҳали камдай туйилаверади-да, қоним қайнаб, бошқалар битта яшикни кўтарганда мен иккитасини ташишга улгураман.

      Бир сафар Шокир ака билан Нормат ака бошқа бир бригадага қўшилиб кетиб қолишди-ю, гала бегоналар орасида қолдим. “Майли, шу сафар дам олиб турай, улар қайтиб келганларидан кейин бошқасига бирга бораман”, дея бир четда тургандим, қорин қўйган, пўрим кийинган бир одам келиб:

      – Ишлайсанми? – деб сўради.

      – Ҳа, – жавоб қилдим мен хурсанд бўлиб.

      – Шерикларинг борми?

      – Улар юк туширишаяпти, айтиб келайми?

      – Керакмас, юр бу ёққа.

      Мен унинг ортидан эргашдим. Ўзимча: “Ҳозир бораман-у, икки-учта одамнинг ишини битта ўзим қилиб ташлайман, кейин уч баробар пул оламан, акалар ҳайрон қолишади”, дея хаёл қилиб кетаяпман.

      Унча узоқ юрмадик, чойхонадан эллик қадамча ўтганимиздан кейин, ўнг томондаги биринчи дўконга кирдик.

      Менга иш бермоқчи бўлган одам кирган заҳоти дўконнинг ичидаги бир одам билан тортишиб кетди. Мен бўсағада уларга анграйиб қараб турибман.

      – Ҳов, паразит! – дея ўкирди бир маҳал мени эргаштириб борган одам ортига ўгрилиб. – Бу ёққа кел!

      Мен қўрқа-писа унинг ёнига бордим.

      – Сан ишлайсан-а! – деди у ғазабланиб.

      Мен довдирай бошладим. Ҳеч нарса деёлмайман. Унинг баттар жаҳли чиқди ва хезланиб аввал бўйнимга, кейин кекирдагимга мушт туширди. Оёғим ердан узилиб учиб кетдим, тахлаб қўйилган қутиларга бориб урилдим. Қутидаги нарсалар устимдан тўкилди. Бир қаттиқ нарса белимга урилиб, инграб юбордим. Шунда мени урган одам жуда ёмон сўкинди. Ёшлигимдан онамнинг номини айтиб сўкинишса кўтаролмасдим, жунуним қўзиб, муштлашишга тушиб кетардим. Сўкинган кишининг ёши катта, кучим етмайдиган одам бўлса, қўлимга илинган нарса билан урардим, тавбасига таянмагунча тинчимасдим. Шундай ҳам бўлганки, оғзи-бурним қонга беланиб, ожизлигимдан ҳўнграб йиғлаганман. Ҳозир ҳам ўрнимдан сап-чиб турдим-да, қўлимга илинган қути билан мени бу ерга алдаб олиб келган одамнинг бошига аямасдан урдим. Бахтига, картон қути экан, унга ҳеч нарса қилмадию, боши қутининг ўртасидан ёриб чиқди. Назаримда, у мендан буни кутмаганди. Шу боис, аввал довдираб қолди, қизариб-бўзарди. Шу лаҳза миям яшин тезлигида ишлаб кетди ва яна битта қути