эътибор ҳам бермай.
– Топ… Тополмайман, – дедим мен.
Ўша пайтда рангимда ранг қолмаган бўлса керак. Тўғрида, бир уй пулни қаердан топаман? Тополганимда, бу ерларда юрармидим бировнинг қўлига қараб.
– Мен йўлини кўрсатаман, сиз олиб келасиз. Ундан кейин, ажабмас, манави ҳурлиқони никоҳингизга олсангиз, —илжайди Индира опа. – Ўзи бу қизни яхши кўрасизми?
– Ҳа, – дея бошимни қимирлатиб Нигорага бир қараб олдим ва унинг энсаси қотаётганига гувоҳ бўлдим.
– Унда келишдик. Сизга визов бор. Чет элдан. Мен бугун бориб визангизниям гаплашиб келдим. Хў-ўш, эртага тайёр бўлади. Индинига қанот қоқиб, чет элга учиб кетасиз. Борасиз-да, бир самолёт пулни олиб, ортингизга қайтасиз Ундан кейин – тўй. Нигорахон қучоғингизда. Қалай?
Мен ҳангу манг эдим. Бораман, бир самолёт пулни оламан, ортимга қайтаман, тўй. Бунча осон. Агар шунақа бўлса, ҳозироқ учиб кетсам бўлмасмикан?.. Индира опанинг гаплари жиддийдай туйилмади. У устимдан кулаётгандек эди.
– Хўш, нима дейсиз? Розимисиз ёки қамалиб кетаверасизми? Мен бу таклифни Нигора сизни ёқтириб қолгани учунгина айтаяпман. Бўлмаса, ҳозир милисахонада бўлардингиз.
Рози бўлишдан бошқа иложим йўқ эди.
Розилигимдан кўпроқ Нигора қувонди. Қувонмасинми? Тунда ўзи хоҳлаб қўйнимга кирган бўлса-ю, кейин бир дунё молу мулкнинг эгасига айланса! Шубҳасиз, мен олиб келадиган пулнинг тўқсон тўққиз фоизига Индира опа эга чиқади. Содда бўлсам ҳам, бунисига ақлим етади. Ҳар қалай, гўдак эмасман-ку.
Нигора қўлимдан тортиб ўрнимдан турғазди ва онасининг кўз олдида уялмай-нетмай бўйнимга осилиб, лабимдан ўпишга тушиб кетди. Мен ерга кириб кетаёздим ва қизни ўзимдан нари итардим.
Индира опа кулди.
– Нигорахоннинг ўзиям анча шўх қизлардан-да, лекин шўхлиги ўзига ярашади, – деди.
Бу гап қизни руҳлантириб юборди, шекилли, тағин яқинлаша бошлади. Нима бўлган тақдирда ҳам, унинг истагини бажаришга юзим чидамасди. Шунинг учун ташқарига чиқиб кетдим.
Хонамга кириб бироз ўзимни босиб олиб, бўлиб ўтган гап-сўзларни хаёлимда тиклаб, ўзимча таҳлил қила бошладим ва: “Нигора мени севар экан”, деган хулосага келдим. Эҳ, пишмаган калла! Ахир, ўшанда улар осонгина бўйнимга қанча нарсани илиб қўяётганлари кундай аён эди-ку.
Кейинги кунларим хушчақчақ ўтди. Ҳеч ким менга ҳеч қандай иш буюрмади. Нигора доим ёнимда, ниҳоятда юмшоқ, менга меҳрибон, худди хотинимдай муомала қилар, иложи борича зериктирмасликка уринарди. Мен эса мойдай эриб, лаззат оғушига бутун борлиғим билан кириб кетибман-у, вақт ўтганини сезмабман.
Бир куни Индира опа қандайдир идорага олиб борди. У ерда савол-жавоб бўлди. “Таиландга нега бораяпсиз? Неча кун бўласиз? Қайси тилларни биласиз? Ким сизни кутиб олади? Дўстингизнинг кетганига кўп бўлдими?” Индира опа аввалдан бу саволларга мени тайёрлаб қўйганди. Шу боис, тутилмай жавоб беравердим.
– Яхши, – деди мени сўроққа тутган костюм-шимли, оқ кўйлак устидан бўйинбоғ таққан қирқ ёшлар чамасидаги киши қўлимни сиқиб, – сафарингиз бехатар бўлсин.
Индира опанинг қувончи чек-чегарасиз.