Нуриддин Исмоилов

Бахтнинг олис манзили


Скачать книгу

жунжиктириб юборарди. Учта барзангининг кийими ҳам анави тасқараникига ўхшарди. Бироқ булар оқ-сариқдан келган, кўзлари уккиникидай, сочлари маллатоб. Бошларида бир хил оппоқ кепка. Кепканинг соябони устида олтита нуқта. Пакана кўзойнакли одамнинг устида кўк халат, бошида дўхтирлар киядиган қалпоғи бор. Бўйнига нафас олишни эшитиб кўрувчи асбобни осиб олган. Халатининг кўкрак чўнтаги устида олти нуқта туширилган.

      – Саломалайкум, – деди кўзойнак менга бошдан-оёқ қараб чиққанидан сўнг ўзбекчалаб.

      Унинг оғзидан шу биргина сўзни эшитиб юрагим гурсиллаб уриб кетди. Худди ўзимнинг биродаримни, қариндошимни, акамни кўргандай уни қучоқлаб олдим-да, маҳкам бағримга босдим ва:

      – Акажон! Акажон! Бор экансиз-ку! – деб йиғлаб юбордим.

      – Нема бўлди? Нема бўлди? – деди у ўзбекчада бузуқ талаффуз билан.

      – Ака, мени бу ердан олиб чиқиб кетинг, – дедим юзига мутеларча термилиб.

      – Сез, чеқасез, ўртоқ, чеқасез, нема проблем?

      – Акажон, – унинг оёғига тиз чўкдим, – илтимос сиздан, бир умр қулингиз бўлай, мени бу ердан тезроқ олиб кетинг, қамаганлар юрагимни ёришди.

      Бу гапим кўзойнакка бошқача таъсир қилди, чамамда, қошлари билинар-билинмас чимирилди-да, ёнидаги барзангиларга юзланди. Уларга бир неча сония тикилиб турганидан сўнг чийилдоқ овозда қайсидир тилда шунақанги бақирдики, бечораларнинг кўзлари олайиб кетди. Шундан сўнг, кўзойнак мен томонга юзланиб, жилмайиш билан ниҳоятда майин овозда:

      – Юринг мен билан, – деди.

      Ичимда чироқ ёнгандай бўлди. Кўзимга кўзойнак меҳрибон кишимдай кўриниб кетди. Ахир, ўзбекча гапирди, тарафимни олиб анави гўрсўхталарни бошқа тилда бўлсаям уришди. Мана энди зимистондан олиб чиқаяпти.

      Биз йўлак адоғига қараб юрдик, бироқ охирига етмасдан ўнг тарафда зина бор экан, шу зинадан пастга тушдик. Туйқусдан кўнглимга яна шубҳа оралади: “Буям менга яхши гапириб алдаган бўлса-чи?” Бироқ дарров бу хаёлни миямдан қувдим. Чунки пастки қават чароғон, деворлари европача услубда таъмирланган экан. Оёқ остидаги кафелга қараб бемалол соч тарасангиз ҳам бўлаверади. Лекин нима мақсадда мени бу ерга олиб тушишганига тушунолмадим. Дарвоқе, бу қаватда одам кўп экан. Ҳаммаси оппоқ халатда, дўхтирларникига ўхшаган қалпоқда ва халатларининг кўкрак чўнтаги устида олтита нуқта бор. Улар йўлакда шошиб юришар, эшиклари ойнаванд хоналарга кириб-чиқишарди. Ўзлари билан оворадек туйилди. Аввалига: “Касалхонага келиб қолдим”, деб ўйладим. Қизиқ, уларнинг менга тегишли бўлган пулга қандай алоқаси бор? Дарвоқе, мен яна Индира опа айтган пуллар ҳақида ўйлай бошладим! Касалхонада пул нима қилсин? Беморлар ётади бу ерда, дўхтирлар уларни даволайди. Борингки, озроқ пул ҳам бўлиши мумкин. Лекин кўп эмас. Унда Валерий нега мени бу ерга бошлаб келди? Тағин анави тасқарага ёрдамлашиб зах хонага қамади. Тўхта, у Индира опанинг кўзига чўп тиқиб, пулнинг ҳаммасини ўмариб жуфтакни ростлаб қолган бўлса-чи? Аниқ, шундай қилган! Бекорга тасқара билан ҳиринглашмади. Улар