Яна харажатми, сен бўлсанг яхши сотилибди, дейсан. Мана шуларни ҳисоблаб чиқсанг, биласанми, қанча пул кетяпти? Одам эҳтиёткор бўлади-да. Йўли бор-ку.
– Билмасам… Ҳаракати жа кўп бўп кетаяпти-да.
– Ўзинггаям ёқиб қолганга ўхшайди… Майли, буниси охиргиси. Яна такрорланадиган бўлса, ўзингнинг бўйнингга қўяман.
Шу ерда сирли гаплар тугади. Улар бошқа мавзуга ўтишди. Менинг эса буткул бошим қотди. Индира опа нимани, қанақа қилиб сотган? “Еб-ичишлари”, дегани нимаси, бирор ҳайвонни айтяптими? Лекин Нигора нега уч-тўрт кечани ўтказади?.. Сессия, отчисления… Тўғриси, бунақа гапларни энди эшитиб турганим учунми, ҳеч балога тушунмадим. Лекин Нигоранинг кўнгил айниши мени баттар ўйга чўмдирди. “Бирорта ёмонроқ нарса еб қўйдими? Унда катта харажат қилишга ҳожат йўқ. Бириккита дори ичса, қолади-ку”. Бунинг учун Индира опа уни койиши жуда ғалати… Ҳа айтганча, Нигора Индира опани “ойи”, демади-я. Ҳар доим “ойи” деб чақирардику! Бунисиям қизиқ!
Эшикдан секин узоқлашиб хонамга бордим. Каравотимда шифтга тикилганча ётиб, тағин уларнинг гапларини мулоҳаза қилдим. Нуқул бир нарсани ўйлаб ётавериш зериктирди. Эшитганларим шунчаки гапдай туйилиб, шу кўйи ухлаб қолибман.
Орадан икки кун ўтиб, Индира опа қўлимга самолёт чиптасини тутқазди, юзимдан ўпиб қўйди ва бугун оқшом учишимни айтди.
Мен сафарга тайёргарлик кўрмадим, ҳисоб. Кийим, егуликларни Сора опа сумкамга жойлаб қўйди. Ўзим Нигора билан овора бўлдим. У билан анча-мунча шўхликларни “хотирага михлаб” қўйганимиздан сўнг, жоду маликаси бўйнимдан қучиб:
– Мен сизни соғинаман. Тезроқ келинг, – деди.
Ўзимни урушга кетаётгандек, Нигорани эса эрини кузатаётган аёлдек тасаввур қилдим. Маҳкам қучоқлаб, со-чларидан узоқ ҳидладим…
Шаҳар ўртасидан кесиб, ер ости йўлидан ўтганимиздан сўнг, Индира опа машинани йўл четидаги чиройли кийинган, бир қўлида қоп-қора дипломат кўтарган киши ёнида тўхтатди ва уни ҳам миндириб олди. Мен орқа ўриндиқда ўтирардим. Бегона одам Индира опанинг ёнидан жой олди. Улар ўпишиб кўришди.
– Это он? – деди бегона киши ортига ўгирилиб менга қўлини узатар экан.
– Тот самий, – машинасига газ берди Индира опа.
– Меня зовут Валерий, – деди бегона.
Мен унинг нима деганини тушундим. Исмимни айтдим. Валерий ҳам кулди ва менинг англашим у ёқда турсин, тилим ҳам буралмайдиган сўзлар билан Индира опага гапирди. Опа хохолаб юборди. Мен бўлса бўзрайиб ўтиравердим. Худди гунг-соқовлардай.
– Нодиржон, – деди бироздан кейин Индира опа йўлдан кўзини узмай, – Валерий сизга ҳамроҳлик қилади. Унинг гапидан чиқманг. Ўзингизча бир нарсалар қиламан, деб юрманг. Уқдингизми?
– Ҳа, – дедим мен бош ирғаб.
Шундан сўнг улар рус тилида гаплашиб кетишди. Бошда қулоқ солдим, бирор нимани англашга уриндим. Аммо уринишим бесамар кетди. Кейин хаёл суриб кетдим. “Агар самолётда чет элга учишимни, яна пул олиб келишимни отам эшитганида борми, осмонга сакрарди. Қўни-қўшниларга: “Мана, ҳамманг шу пайтгача мени лақма деб, устимдан кулиб