муддатдин бери Фурқатда қолган зормен,
Не саодатдур сўрорга ҳоли зорим келсалар.
«Кўз тутуб мен нотавон, бу кеча жононим келур…»
Кўз тутуб мен нотавон, бу кеча жононим келур,
Келмади жононим эмди, ҳалқума жоним келур.
Шод ўлунглар зулмати ҳижрондағи муштоқлар,
Арзи дийдор айлаб ул хуршиди рахшоним келур.
Барча ерни лолагун этса сиришким, тонг эмас,
Йиғлаб ул гул ҳажрида эзган жигар қоним келур.
Кўзларим мардумлари чиқти тамошо қилғоли,
Ҳар тарафға тўлғониб сарви хиромоним келур.
Бешаи ҳасратда бўлдум, турфа бир саргаштамен,
Ҳар қаю хори алам илкида домоним келур.
Кўзларимни пардасин йўлиға пойандоз этиб,
Нақди жонимни нисор айлайки, султоним келур.
Итларини қутиға бағрим кесиб айлай кабоб,
Фурқатий, кулбамға мундоғ яхши меҳмоним келур.
«Ул паридек қайси дилбарни рухи гулгуни бор…»
Ул паридек қайси дилбарни рухи гулгуни бор?
Ҳам тишидек қайси дарёни дуру макнуни бор?
Сарвни жониға ўт солди ўзин айлаб фароз,
Оллоҳ-оллоҳ, они қайдоғ қомати мавзуни бор?
Фикрат аҳли диққатидин ҳеч равшан бўлмағой,
Нуқтаи оғзини ҳар ҳарфини минг мазмуни бор.
Кўзларимдин мавж урар ашки муҳаббат, айб эмас,
Дилда айлайдур талотум, ишқни Жайҳуни бор.
Меҳрибонлик шева айлаб шодком айлай деса,
Қайда мендек, Фурқатий, бир хотири маҳзуни бор?
«Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур…»
Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур,
Балки андин даҳр эли ортуқча ғавғо тортадур.
Қошлари остида гўё икки фаттон кўзлари,
Икки ҳинду баччадурким, ёндашиб ё тортадур.
Телбаланмиш зулфини савдосидин девоналар,
Қайға борса ўлтуруб ерға чалипо тортадур.
Жон ила кўнгул талошур, эй санам, дарду ғаминг,
Бирни сол кўнглумғаким, жон бирни танҳо тортадур.
Кокулингдан бўй олган боғнинг тупроғидур,
Боғбон сотмоққа доим мушксоро тортадур.
Не билур Юсуфки, нозу ҳусн ила мағрурдур,
Ул қадарким ишқ дардини Зулайҳо тортадур.
Ишқни пинҳон тутарға бўлма шайдо, э кўнгул,
Мушк пинҳон бўлса бўйи ошкоро тортадур.
Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғман,
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур.
Сориғ олтун касрати кўнгулни айлайдур қаро,
Чунки сафро бўлса ғолиб, ўзга савдо тортадур.
Булҳаваслар торта олмас нозанинлар нозини,
Фурқатийдек бекасу шўрида, расво тортадур.
«Маҳвашо, сенсиз менга маҳзун қаронғу кечалар…»
Маҳвашо, сенсиз менга маҳзун қаронғу кечалар,
Йиғларам андоқки, ашкимдин улус сув кечалар.
Ҳуснингға баркаш қилурға тонгға тегру интизор,
Оч юзингким, кўкда ой бирла тарозу кечалар.
Ёдима