буриб.
– Яхши, қачон учрашамиз?
– Битдими, озгина чаласи қолди? Ну ладно, ҳозир бораман, – деб гўшакни қўйди Зулайҳо.
Аёл бироз ўйланиб тургач, тағин қовоғини уйиб ётоғига кирди.
Турғун Ғаниевич хотинининг телефондаги гапини эшитгандан сўнг энсаси қотди. "Икки ҳафта олдинам бу ойимча кўйлак тиктирганди. Кўйлакка тўймайдими, нима бало, яна бошқасини тиктирибди", дея ўйлади ҳамда шишада қолган пивони охиригача ичиб бўлгач, ташқарига чиқди.
Зулайҳо ҳатто эридан рухсат ҳам сўрамасдан уйидан чиқди. Хўжайинининг хотини пардоз-андоз қилиб йўлга отланаётганини кўрган хизматкор дарров унинг қаршисига чиқиб:
– Хизмат борми? – дея сўради.
– Керакмас, – деди Зулайҳо зарда билан ва унинг ёнидан шиддат билан ўтиб кетди.
Кўчага чиққанидан кейин такси тўхтатиб манзилни айтди-да, машинанинг орқа ўриндиғига ястаниб ўтириб олди ва орқасига бир қараб қўйди.
Такси шаҳарнинг нариги чеккасидаги кўп қаватли уйларнинг бири ёнига борганидан кейин тўхтади. Зулайҳо пастга тушаётиб ҳам орқасига бир қараб олишни унутмади.
Учинчи қаватга кўтарилганида у кириши керак бўлган уйнинг эшиги очиқ эди. Буни кўриб Зулайҳо "чевар"нинг ақллилигидан қувониб кетди ва эшик қўнғироғини босиб ҳам ўтирмасдан ичкарига кирди.
Меҳмонхонада Тўйчи оёғини чалиштирганча сигарета чекиб телевизорга тикилиб ўтирар эди. Зулайҳо бир-бир қадам босиб унинг ёнига келди-да, кўзини беркитди.
– Бизни шунчалик соғинтирган санам наҳотки етиб келган бўлса? – деди Тўйчи Зулайҳонинг дўмбоқ қўлини силаб.
– Кутдириб қўйдимми? – деди Зулайҳо ўзига ярашмаган ноз билан қўлини секин олар экан.
– Кутдириш ҳам гапми, минг йиллар ўтиб кетгандай бўлди, – деди Тўйчи ва жувоннинг қўлидан ушлаб ўзи томонга тортди…
Кўзидаги ёш қуриб битгунча ёстиқни қучоқлаб ётган Моҳирўй чуқур нафас олди-да, ухламоқчи бўлиб кўзини юмди. Бироқ уйқу ҳам унга хиёнат қилганча, ўзига бошқа мижоз қидириб кетди. Шундан кейин Моҳирўй шифтга қараб ётиб олди.
Елкалари кенг, қўлларининг чайирлигидан томирлари бўртиб чиққан, юзи офтоб нурида бироз қорайган, гўзал табассумга эга бўлган, овози энди-энди дўриллай бошлаган чўпон йигит – Фаррух унинг ақлини бутунлай олиб қўйган эди. Моҳирўй ўзига ошиқ бўлган, доим соясалқинларни хуш кўрувчи юзлари оқ шаҳар йигитлари билан уни таққослаб кўрди. Лекин уларнинг биронтаси ҳам Фаррухнинг ҳатто яқинига йўлай олишмади. "Менинг шаҳзодам фақат ўша чўпон йигит бўлади", дея хаёлидан ўтказди у. Сўнг йигит Моҳирўй пастга ўзини тўхтатолмай югуриб кетаётганида ушлаб қолгани, бирга йиқилган Фаррухнинг кўксига бошини қўйиб ётгани ҳақида ўйлади ва ширин энтикиб қўйди.
Моҳирўйнинг эшиги қия очилди. Одатда, унинг хонасини тақиллатишар эди. Келгувчининг сўроқсиз эшик очиши, бунинг устига, ширин ўйларини бузгани Моҳирўйнинг жаҳлини чиқариб юборди. У нафрат билан эшикка қаради. Бироз ўтиб Достоннинг боши кўринди.
– Пишириб қўйибдими?! – дея бирдан бақириб юборди Моҳирўй уни кўрган заҳоти.
– Нимага