ассалом! Адашмадингиз, қизим, Ғафур Ғуломнинг уйлари, – менга ажабтовур куч бергувлик бир илиқлик билан жавоб берди аёл. – Қани, ичкарига марҳамат қилинг!
Гулу райҳонлар бош эгиб турган узун йўлкадан бораборгунча мен «Саодат» журналининг топшириғи билан келганимни, Мавлоно ваъда қилган шеърни олиб кетишим кераклигини тушунтирдим.
Муҳаррам опа (Ғафур Ғуломнинг умр йўлдошлари исмини Зулфия опамлар жуда иззат билан айтган эдилар) мени ёруғ ва шинам меҳмонхонага олиб кирдилар-да ўзлари тепага, Ғафур Ғулом ижодхонасига кўтарилдилар. Атрофга назар солар эканман, зина тепасидан у кишининг майин овозлари эшитилди:
– Зулфияхонга шеър ваъда қилган экансиз, олиб кетгани қизларини юборибдилар…
«Зулфияхоннинг қизи»… Ичимдан қандайдир иссиқ тўлқин кўтарилгандек бўлди. Сезиб турибман – юзларим ёниб кетаяпти.
– Ҳа, телпунда Зулфиябегим билан гаплашгандим. Озгина чаласи бор. Меҳмон қизни чой билан сийлаб турасиз, мен битириб берай…
Бу минбарлардан, радиодан кўп бора эшитганим, талай кишилар овози ичидан бехато ажратиб олса бўладиган Ғафур Ғуломнинг ўзига хос таниш овозлари эди. «Телпун» ҳам Ғафурона ибора.
Муҳаррам опа қайтиб тушиб столга дастурхон ёза бошладилар. Мен раҳмат айтиб, овора бўлмасликларини, агар ижозат берсалар, ҳовлидаги чиройли гулларни томоша қилмоқчи эканимни айтдим.
Муҳаррам опа илтимосимга жуда илиқ кулиб розилик бердилар. Кейин билсам, бу гулларнинг аксариятини у кишининг ўзлари ўтказиб, ҳаммасининг ўзига хос инжиқлигига қараб парвариш қилар эканлар. Анча суҳбатларини олдим.
Шеър битиб, Ғафур ака пастга тушганларида биз Муҳаррам опа билан ошхонада тушликка манти тугаётган эдик. Ғафур Ғулом саломимга алик олгач, билмадим ўзлари бот-бот «Саодат» га борганларида ўша ерда мени кўрган бўлсалар, таниганларига шаъма қилибми ёки аллақачон Муҳаррам опа билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимдан мамнун бўлибми, Ғафурона думалоқ қилиб ўралган шеърни менга узатар эканлар:
– Ҳа, ҳақиқатан Зулфиябегимнинг қизи экан, – дегандилар.
«Зулфияхоннинг қизи»… Ҳамид Олимжоннинг волидаи муҳтарамалари Комила аядан, мавлоно Шайхзода, Собир Абдулло, Ойбек домла, Миртемир домла, устоз Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад ака ва яна кўплардан бот-бот эшитардик бу иборани.
Меҳр билан айтилган бу сўзларни ҳар биримиз бир умрга татигулик мукофот сифатида қабул қилардик.
«…УЛАР БИЗНИ – БУЮК БИЛИШАДИ!»
Идорада Собиржон ака деган ҳайдовчимиз бор эдилар. Алишер Навоий кўчасидаги улкан бино олдида қатор турадиган «катталар»нинг енгил машиналари ичида Зулфия опамларнинг машиналари доим ярақлаб, бошқалардан ажралиб турарди. Республика бўйича биттагина аёл Бош муҳаррир эдилар-да! Собиржон аканинг ҳам ўзларига яраша феъллари бор эди. Машинага «эгаси»дан бўлак ходимларнинг минишини истамаётганлари шундай юзларидан билиниб турарди. Аммо Зулфия опамларни жуда ҳурмат қилар, ҳар топшириқларини сўзсиз ижро этардилар. Зулфия опамлар баъзан идорага келганларидан сўнг, биронтамиз пастга тушиб