Рахима Шомансурова

Қадр кеча қатралари


Скачать книгу

ёди нафақат маҳалла аҳли учун, балки юртимизда, жаҳон адабиётида ҳам сўнмас ёғду сочиб туради, – дедилар давра суҳбатини очар эканлар маҳалла раҳбари, фалсафа фанлари номзоди Даврон ака Шораҳмедов.

      Давра суҳбатини домла Ойбекнинг уй музейини зиёрат қилиш билан бошладик.

      Айтишларича, Миртемир домла ҳар гал шу дарвоза олдидан ўтганларида бошларидан дўппиларини оларканлар. Қўллари кўксиларида бўларкан. Тавозе билан ўзи табиатан юмшоқ қадамларини яна ҳам юмшоқ қилиб астагина босарканлар. Бошлари ним таъзимда ўтарканлар… Чунки бу ерда улуғ адиб яшайди… Миртемир домланинг Ойбек домлага эҳтиромлари шу қадар юксак бўлган.

      Бу қутлуғ дарвозадан ичкарига киришингиз билан дилингизни шеъру-шуур қамраб олгандек бўлади. Қалбингиз ҳаяжонга, тозаришга, баҳор янглиғ яшнашга, кўтарилишга отланганини ҳис қиласиз. Пойингизда яшил барглар ичра яшнаб турган сиёҳранг гунафша гилам. Ифори кўнглингизни кўкларга кўтариб, қуёш нурларига чулғайди.

      Хоналарни айланаётганингизда ҳам ана шу ҳис сизни тарк этмайди. Бу айни пайтда шундай зотга ўзингизнинг замондош эканлигингиздан бўлса керак. Чунки экспонатларнинг кўпи сизга таниш. Ойбек домланинг кўп асарларини чоп этилгани заҳоти топиб ўқирдик. Улар сеҳри сизни ўзига тортади, ичкарида домла ижод қилиб ўтирганларидек туюлаверади. Мана бу қўлёзмалар эндигина «Қуёшли қалам» учидан чиққандек кўринаверади. Мана, ҳозир домла Ойбек бир вақтлардагидек ичкаридан елкаларига ўзбаки тўнларини ташлаб чиқиб келадилар, чаросдек кўзлари сизга меҳрли боқади. Зарифа опамлар чой билан сийлайдилар. Сиз учун энг катта мукофот – домланинг суҳбатлари, журналингиз учун тақдим этилган янги асарлар бўлади…

      Хоналар ҳозир ҳам ўшандагидек сақланган. Экспонатларга диққат қиласиз-у, ҳатто ўша даврдаги ажиб ижодий руҳ, маърифат, иймон нафаси сизни чулғаб олаётганини ҳис қиласиз. Ойбек домланинг набиралари – уймузей директори Ойнур Тошмуҳамедова ҳикояларига ғарқ бўласиз.

      Китоблар… Қўлёзмалар… Шеърлар…

      Нима деса десин одамлар!

      Ит ҳуради – ўтади карвон,

      Виждон билан қимматдир дамлар!

      Ҳар вақт эшдир қалбимга виждон!

      Бу – Ойбек домланинг ватан учун энг оғир бўлган уруш йиллари, чамаси ўзлари учун ҳам мушкул вақтларда, балки кимларгадир муносиб жавоб тарзида, аслида ўз руҳларига қасамёддек ёзилган тўртлик.

      Хоналарни айланганда ҳазрат Навоийнинг улуғвор ҳайкаллари ва Ойбек домланинг кўзларидан ҳаётга меҳр уфуриб турган портретларига тикилар эканман, улар ўртасида камалак нурли кўприк кўргандек бўламан ва қалбимни ғурур ила тўлдирадиган яна бир кашфни сезаман.

      Ҳар бир миллатнинг маънавий мезонини яққол намоён этувчи ўзининг ёғду шахслари бўлиши рост. Улар тириклик давридаёқ эл қалбини, эл шуурини нурлантирадилар, бу нур шундай кучли бўладики, у авлоддан авлодга ўтиб, сўнмас ёғдуга айланади.

      Вақт ўтгани сари бундай ёғду шахслар бажарган амаллар ривоятларга, айтган сўзлари эса ҳикматга айланиб бораверади. Асрлар ҳам уларга тўсиқ