Ғулом Ойбек ҳақида: «Ойбекнинг серҳосил, ўткир ижодкорлигини бизнинг адабиёт тарихида кимга ўхшатиш мумкин?
Ойбекнинг ўзига, Ойбекка ўхшатиш мумкин!»
Ғафур Ғулом Зулфияхоним ҳақида:
«Муаззам шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда,
Бу бизнингдир сенинг ахлоқу иффатга тўлиқ
нозинг!..»
Дарҳақиқат, ёғдулар сўнмайди. Бундай ёрқин ёғдулари бўлган юрт кишиларининг қалби асло нурсиз қолмайди.
ИФТИХОР
Устоз Зулфияни танувим, у киши билан биринчи бор учрашувим сиртдан – шеърларини ўқишдан, бу шеърлар сеҳрига «ғарқ бўлишдан», ғойибона уларнинг муаллифига кўнгил қўйишдан бошланган.
Азим Тошкентнинг Биродарлик қабристони ёнгинасидаги 26-мактабда еттинчими, саккизинчими синфда ўқирдим. Шоира Зулфиянинг яқингинада босмадан чиққан «Юрагимга яқин кишилар» тўплами қўлимизга тегди.
Ўша тўплам кайфиятида шоирага ўз кўнглимда бир шеърий бағишлов ёзганимдан хабар топган адабиёт муаллимимиз Муҳаммаджон Эрназаров мактабимиз директори Тожихон Абдуллаевага (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) бағишловимни кўрсатар экан, қандайдир ички мамнуният билан:
– Сен қизгинадан бир нимарса чиқадиёв! – деганлари эсимда.
Кейин ўша шеърни улар айтган манзил бўйича почта орқали Зулфия опа бош муҳаррир бўлган «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналига юборганмиз.
Мендан муаллим айтмоқчи «нимарса» чиққан-чиқмаганини билмайман-у, лекин айни ўша дамлар Зулфияни кашф қилганим, унга беадад ихлос қўйганим, ўшандан бери у киши юрагимга яқин бўлиб қолгани, шеърлари кўнглим мулкига айлангани аниқ.
Зулфия шеърларини нега яхши кўриб қолдим деб ўйлаш эсимга келмасди. Ундан ярим аср ўтгач – ҳозир ҳам бу ҳақида ўйламайман.
Ҳарқалай, Зулфия шеъриятининг нимаси ром этди мени?
Ўз ўрнини топган сўзлардаги фикр теранлигими?
Ҳар банди кўпни кўрган, кўпни туйганлигидан хабар янглиғ серҳиммат, виқорлилигими?
Ҳамиша, ҳар қадам – ҳар сатрда инсоннинг кўнгил отлиқ нозик оламини кашф қила бориш, бу кашфдан ўзи беадад ҳайратланиб, ўзгаларни ҳам ҳайратга солишими?
Балки бир умр ижод қилароқ ўзига-ўзи ҳайрат, ҳаяжон излаб топишидир?
Шоирадаги бошқаларга тез «юқувчи» улуғ ҳайрат ва ҳаётсеварликнинг илдизи, жон булоқлари қайда деб ўзимдан ўзим сўраган вақтларим кўп бўлган.
Ҳаётнинг паст-баландини кўрган, иссиқ-совуғини туйган, қаттиқчилик кўрган донишмандгина ҳақиқий донишманд бўлиши, оғзидан чиққан ҳар бир сўзи ҳикматдек талқин қилиниши мумкин деган гапни кўп эшитганман. Зулфиянинг шеърияти ана шу донишмандлик, пурҳикматлик чўққисига «осонгина кўтарилган» ёки «олиб чиқиб қўйилган» (Худо асрасин!) шеърият эмас. Бу – ўтга ҳам, сувга ҳам тушган қалб шеърияти!
Зулфиянинг юраги ҳеч қачон гипсга солиниб, атрофидан муҳофаза қилинмаган. Шамол ёки бўронлардан тўсилмаган. Зардоб чашмасининг кўзи атай беркитилиб, қувонч ва шодлик чашмасининг кўзи атай очиб қўйилган