санъати бўлмайди унут,
Божлиман элиму, юртга бир умр!
деб ёзиш учун ЗУЛФИЯ бўлиб дунёга келиш, айнан ЗУЛФИЯ бўлиб яшаш керакдир?
Шундай устозимиз борлигидан ифтихор бир менинг қалбимдами?
БИРИНЧИ ДАСТХАТ
Кишилар билан учрашув, танишув ҳар хил бўлади.
Зулфияхоним билан ҳар сонияси хотирамда муҳрланиб қолган биринчи учрашувим, биринчи бор юзма-юз суҳбатлашувим олтмишинчи йилларнинг бошида, айни баҳор фаслида бўлган эди. Шу йиллар ичида дарё-ю ирмоқлардан қанча сувлар оқиб ўтмади, ҳаётимизда қанча ўзгаришлар содир бўлмади. Аммо у кишига нисбатан самимий меҳрим, ихлосим асло камайгани йўқ. Аксинча, ўша илк туйғу тобора ўсиб, камолга етиб борганини сезаман, шундай инсонни таниш, билишга мушарраф этган тақдирга шукрлар айтаман.
…1962 йилнинг апрель ойи эди. Ўрта Осиё университетлари талабалари илмий жамиятларининг навбатдаги анжумани Душанбе шаҳрида ўтказилиши керак эди. Анжуманда иштирок этадиган талабалар уч-тўрт кундан сўнг жўнаши керак. Бирдан мени факультет декани Лазиз Қаюмов (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) ҳузурларига чақириб қолишди.
– Нима учун Душанбега борадиган талабалар рўйхатида сен йўқсан? – дедилар хонага киришим билан.
– Домла, мен талабалар илмий жамиятига аъзо эмасман. Келажакда мендан олим чиқишига ҳам ишончим йўқроқ, – дедим ҳайратимни ҳазилга йўйиб.
– Олим бўлиш – сен ўйлаганчалик қийин иш эмас, бошқалардан кам жойинг ҳам йўқ. Тезда мавзу олгинда, тайёрлан! Аввал маърузангни менга кўрсатасан. Машинкада ўн варақдан ошмасин. Мавзу… Зулфиянинг янги шеърларига обзор ёзақол… Икки кун кутубхонада ўтириб, жиддий шуғулланасан. Мен кўриб чиққандан кейин Зулфиянинг ўзига ҳам кўрсатсанг яхши бўларди…
Катта анжуманда ўқилиши керак бўлган маърузани тезда ёзишим кераклиги бир сари, яна уни Зулфиянинг ўзларига кўрсатишим кераклиги юрагимни ҳаприқтириб юборди! Шундай буюк одам билан қандай учрашаман?!
Ҳолбуки, унда ҳали Зулфияхоним эллик ёшга ҳам тўлмаган, ҳозирги қатор-қатор унвон ва мукофотларининг кўпи у кишида ҳали йўқ эди.
Зулфияхонимнинг ўша вақтда Москвада нашр этилган «Лирика» тўпламлари асосида маъруза ёздим. Домла айтган муддатда келтириб кўрсатдим. Маъқул кўриб:
– Опанинг ўзларига ҳам кўрсатиб ол! – дедилар.
«Навоий кўчаси, 30-уй» деса республикадаги жамики қаламкаш яхши биладиган бу улкан бинога мактабда ўқиб юрган чоғларимда ҳам кўп келардим. «Ленин учқуни» да шеърларим босилиб турар, ёш мухбир сифатида таҳририятга чақириб туришарди.
Шу муҳташам бинонинг учинчи қаватига кўтарилиб, «Ўзбекистон хотин-қизлари» журнали бош муҳаррири эшиги қаршисида тўхтадим. Қани энди журъат этиб, эшикни оча олсам!
Ўша куни маърузамни Зулфия опамларга ўқиб бера олмадим. Улар иш билан қаергадир шошиб турган эканлар. Эртаси куни эрта билан уйларига боришимни, дам олиш куни бўлгани учун ҳам бафуржа биргаликда кўриб чиқишларини айтиб узр сўрадилар.
Эртасига Зулфия опамларникига курсдошим Мукаррама Аҳмарова билан биргаликда бордик. Мукаррама ўша маҳаллада яшарди. Яна бир чеккаси адабиёт аҳлига