сандалу тунука печкада исиниб, ҳовлининг бир бурчагидаги ошхонага, яна бир бурчагидаги ҳожатхонага қатнаб катта бўлган. Зотилжам бўлиб тузалмаган бола йўқ. Оппоқ чинни тоғора – унитаз, жўмраклардан вижиллаб иссиқ ва совуқ сув тушадиган, сасийдиган лампаю шамлар йўқ чароғон электр қандилларни қайси профессор ёшлигида кўрибди? Қори Ниёзий кўрибдими? Жарроҳ академик Воҳидов кўрибдими? Ёки Берунию Сино кўрибдими? Улар шамчироқда «Бобурнома»ю «Илми ҳандаса»ни, «Ал-Қонун»ни яратишган, асрлардан асрларга ўтиб келувчи бинолар қуришган. Офарин уларга!
Ҳабиб баъзан хаёлга чўмарди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа, дерди ўзига ўзи. Ҳарқалай, мана шу сабаблар ва қисман шўхлиги ҳам унинг уйланишига халақит бериб келарди. Ёшлигида бошқа болалар қатори, дарсдан ташқари вақтларида отаси, укаларига қарашарди, ғишт таширди, бели қайишиб, сомонли лойни пақирлаб томга олиб чиқиб берган. Беланги бўлиб, институтга аранг борган вақтлари ҳам бўлган.
Эртасига, соат йигирматакам бирда Ҳабиб Санъат музейи ёнига келди. У ниҳоятда ҳаяжонланарди. Иккита билет олиб, у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Музей олдидаги ўриндиққа ўтирди. Қўлида янги газета. У бугун кўкрак чўнтакли, елкасида погони бор оқ кўйлагини, тахи бузилмаган шимини кийган эди.
Бирдан ўн дақиқача ўтганда бу ерга кумушранг ҳукумат аъзолари юрадиган рақамли машина келиб тўхтаб, қўлида портфелли Нигора машинадан тушди. Ҳайдовчи йигит машина ойнасидан тикилиб қараб туриб, Нигора таъкидлаган бўлса керак, тезда кетди. Қиз яқин танишдек Ҳабиб билан қўл беришиб омонлашди. Уларнинг икковлари ҳам ҳаяжонда, лекин буни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзларини жуда ҳам босиқ тутишарди. Лекин Нигора қизариб, ҳаяжонини яширолмай, салом-аликдан кейиноқ институтдан тўғри бу ёққа келаётганини, бугун эрта билан троллейбус бекатида кўнгилсизлик содир бўлганини, бир дугонасининг қўлидаги олтин соатини шундоқ бекатда йўлтўсар безорилар қўлидан олиб қочганини қўрқув билан гапирди. Шу сабабли отаси кейинги кунларда ўз машинасини бериб тураётганини айтди.
– Чатоқ бўлибди, – деди Ҳабиб таассуф билдириб, – Насриддин Афанди ҳам бозорда кетаётган экан, бошидаги янги қалпоғини ўғри олиб қочибди. Афанди бўлса ўғри кетидан чопиб, қувлайди, десалар, у бамайлихотир бозордан чиқиб, тўппа-тўғри қабристонга бориб, дарвоза олдида ўтирган эмиш. Орқасидан эргашиб келган одамлар:
– Мулла Насриддин, қалпоғингизни ўғри у томонга олиб қочди-ю, сиз нега бу томонга келиб ўтирибсиз? – деб сўрашибди.
Афанди бўлса:
– Ўша ўғри барибир бир куни шу ерга келади, дермиш.
– Ха-ха-ха-ха!.. – бирдан кулиб юборди тўлқинланиб турган Нигора. – Қарзингиздан узилдингиз!
– Ҳамон шу ерга келдик, ҳамма вақт ҳувиллаб ётадиган музейга бир кирайлик? Бу музей ҳам Навоий театридек томошабинлардан холи. Кирайлик, савоб бўлади.
– Бечора театр, бечора музей… – деди Нигора Ҳабибга ялт этиб боқиб. – Нега бундай?
– Бир раққоса бор, фақат оврўпоча ўйнайди. Байналмилаллик яхши, ким байналмилалликка қарши чиқарди,