* * Оҳулар қадами етган чўққилар Чорлайди энг порлоқ юксаклик сари. Фақат оҳуларга маскандай улар, Оҳуларга аён юксаклик сири. Оҳулар изидан тушар овчилар, Мўъжизалар кашфи – шоирга армон, Ўзгача рангларда олам очилар, Гўдак завқи билан шоир боққан он. Оламни шуълага кўмиб бус-бутун, Сирли ва тиниқ бир ҳикоя сўйлаб. Жаннат водийларга тушиб келар кун Шўх оҳулар очган сўқмоқлар бўйлаб. Тошлар бор: бағрида пинҳон кўп сирлар, Кўрган-кечиргани бўлур минг достон. Қат-қат из қолдирмиш кўҳна асрлар, Айтар гаплари кўп, бироқ безабон… Шундай одамлар бор, ҳа, аҳли башар, Кўрган-кечирганин зарра нафи йўқ. Ажаб, шундай зотлар дунёда яшар, Тили – забони бор, айтар гапи йўқ. Анов уйда қувонч – тўй бўлмоқда, тўй, Соҳиби хонадон ёзмиш дастурхон. Остона олдида сурмагин-да ўй, Ичкарига кириб шод бўлгил, меҳмон. Кимдир фарёд солиб йиғлайди юм-юм, Ўзга бир ҳовлида аза ва мотам. Ҳамдардлик билдиргил, халқимда удум, Бирров кириб ўтгил у ҳовлига ҳам.
ҚИЗАЛОҚ ВА ҚЎҒИРЧОҚ
“Болалар дунёсин” гавжум бурчида
Каттакон ва кўркам қўғирчоқ турар:
Қақилдоқ бир қизча ҳаприқиб жуда
Дадасин, аясин у томон судрар.
Дада билан ая йўналди лоқайд,
Ҳангоманинг зўри шунда бошланди.
Сотувчи опанинг ёнида бу пайт
Эрка қизалоқнинг кўзи ёшланди.
Бола етаклаган оналар, айтинг,
Айтинг, бир вақт бола бўлган оталар,
Йиғлаб турган гўдак худди шу пайти
Етолмаган шодлик не деб аталар?
Ахир кўҳна олам болалари ҳам —
Ўзига яраша олам-ку, олам:
Эртаклари, бахти, хаёллари ҳам,
Бувилари, қўғирчоқлари билан.
Бу шундай оламки покиза, доғсиз,
Лоқайдликка уввос солиши мумкин.
Битта қўғирчоқсиз, бир қўғирчоқсиз
Бу олам ҳувиллаб қолиши мумкин.
Ҳоким бўлиб гоҳида жаҳл,
Давраларни бузар беомон.
Гурунг давом этади аҳил
Қўшиқ кириб келгани замон.
Таронада хислат кўп, сир кўп,
Муҳаббатга удир дугона.
Қай юракда риё кўп, сир кўп —
Яхшиликка чорлаб тарона,
Тош бағирлар қаърин эритиб,
Завқи билан сел қилгани пайт,
Ҳасадлардан буткул аритиб,
Ёт дилларни эл қилгани пайт,
Ким бўлмасин – жаҳлин тарк этар,
Ким бўлмасин – ҳушёр тортади.
Дийдасида меҳр ярқ этар,
Юрагида ҳавас ортади…
Гап ўтгандир икки ўртада,
Эр ва хотин аро тунд қараш.
Гўдак сўзи: “ая” ва “дада” —
Ним табассум ва “яраш-яраш”…
Бири сўкар, бириси жимдир,
Пайтин топиб қасдин олади.
Жанжалкашлар ёнида кимдир
Навбаҳорни