суиқасдга қурбон кетди.
Пушкин ва Лермонтов дуэлга чиқишга мажбур қилинди ва ҳалок бўлдилар.
Чернишевскийни сазот қилиб, эътиборсизлаштириб, Сибир тайгасига сургун этишди.
Лев Толстойни мурдат ва халқ душмани эълон этиб, эл назаридан қолдирмоқчи эдилар.
– Всегда в истории Россиа, послушные собаки были почёте, – деди ўзи ҳам ўлимга ҳукм қилиниб, сўнг дамда олий жазоси Сибир сургуни билан алмаштирилган Фёдор Михайлович Достоевский.
Мустабид ва тоталитар режимларда ҳақиқий қаҳрамонларни элнинг кўзидан пана қилмоқ учун барча соҳаларда сохта қаҳрамонлар ясайдилар.
Бу каби фожеавий қисмату қадарлар кечмишдан бизга маълум эди. Ўз халқи ва ватани бағрига сиғмаган Беруний Ғазнада, Ибн Сино Хамадонда, Фарғоний Мисрда, Хўжандий Табризда, Бобур Кобулда тана тупроқларини қаро тупроққа топширмоқ мажбуриятда қолдилар.
Зотан…
Манфур манфаат қули,
Мудом кунда шундалар.
Кеча-кундуз фарқ этмас,
Топишарлар тундалар.
Фосиқлар фатвосига,
Донишмандлар кўндилар.
Абдаллар томир отиб,
Арпа бўйи ундилар.
Ёлғонни ҳақ-ҳақиқат,
Адолат деб сундилар.
Эл ҳисоб сўрган куни,
Харсанг каби тўнгдилар.
Бир азобу уқубат,
Пок қалбларни тимдалар.
Болталар сопи синган,
Шох чиқарар кундалар.
3. Доҳийлар доҳийлар учун қадаҳ кўтарганда ёхуд Анна Ахматова ва Иоахим Риббентроп
Тепасига бир мунофиқ келса, шу қавм икки йилда мунофиққа айланади.
Сталин ҳаёти давомида бир кишига астойдил ишонган, бу ҳам бўлса Адольф Гитлер эди. У ҳам йигирма биринчи июнь, минг тўққиз юз қирқ биринчи йилда уни алдади.
Москва. Кремль саройи. Халқлар доҳийси Иосиф Виссарионович Сталин Германия ташқи ишлар вазири Иоахим Риббентроп шарафига тантанали зиёфат бермоқда.
СССР ташқи ишлар вазири Вячеслав Молотов билан зиёфат солини эшигида турган Риббентроп муҳташам залнинг деворлари, товону тобонига диққат билан разм солади.
– Ҳақиқатан ҳам рус подшоҳлари гўзал ва муҳташам саройлар қурганлар! – дейди у Сталин чиқиб келадиган эшикка мижжа қоқмай тикилиб турган Молотовга.
– Тўғри, бироқ бундай сўзларни Иосиф Виссарионовичга айтманг, – кўзи ола-кула бўлиб Риббентропга қаради Молотов.
– Нега? Бу саройларни мақтаганимиз доҳийларингизга хуш ёқмайдими? – ҳайрон бўлиб сўради Риббентроп.
– Бу саройлар яхши. Иосиф Виссарионович буни биздан-да яхши биладилар. Сиз Сталин даври меъморчилигу, масалан ҳозир келганимиз Ташқи ишлар вазирлиги биноси, Москва университети ёки “Украина” меҳмонхоналари ҳақида гапиринг, – ҳамкасбига йўлланма берди Вячеслав Молотов. – Мамлакатда амалга оширилаётган барча жаҳоншумул ишлар шахсан ўртоқ Сталиннинг номи билан боғлиқ эканлигини айтсангиз хурсанд бўладилар.
Риббентроп