японлар ва италянлар билан иттифоқдошмиз, – деди Риббентроп яна бирор ножўя гап айтиб қовун туширишдан чўчиб.
– Биламан, биламан. Бу уч халқ дунёнинг энг асил миллатидир, ҳурматли нацист Риббентроп. – Қани юринг-чи. Бир суҳбатлашиб ўтирайлик. Бу зиёфат олмон халқининг ҳақиқий доҳийси Адольф Гитлернинг ташқи ишлар вазири Иоахим Риббентроп дўстимиз шарафига уюштирилгандир, – дея қўноқни узун емак столи томон бошлади Сталин.
– Ташаккур, ўртоқ Сталин! Сиз ҳам буюк фюреримиз сингари совет халқининг, қолаверса, бутун жаҳон халқларининг севимли доҳийсисиз!
Риббентропдан бундай жавобни кутмаган Сталин яна Молотовга қаради. Тилига калима келмаган министр тошҳайкалдек қотиб турарди.
Оҳиста юриб бориб тўрга ўтирган Сталин официанткага қадаҳларга шампан виноси тўлдиришни ишорат этди. Сўнгра ўрнидан туриб, қадаҳ сўзи айтмоққа бошлади.
– Мен ушбу қадаҳни немис халқининг буюк доҳийси, ўз халқининг ҳақиқий меҳри муҳаббатини қозонган дўстим Адольф Гитлер ва немис халқи доҳийсининг барча режаларини амалга ошиши учун ичаман!
– Ҳамма ўрнидан туриб саҳрода сувсиз қолган арабдек қадаҳлардаги ичкини сипқорди. Қадаҳни ярмигача ичган Сталин Тошкентдан келтирилган ҳусайни узумдан икки дона олиб оғзига солди. Сўнгра устига қора икра қўйилган, туянинг кўзи каби кичик-кичик қилиб кесилган қора нон бўлакчасидан биттасини олди.
Қадаҳлар яна тўлдирилди.
– Мен яна бир қадаҳ сўзи айтмоқчиман, – деди халқлар доҳийси ўрнидан туриб. – Бу қадаҳни немис халқининг бирлик ва бирдамлиги, Германияда ҳақиқий миллий барқарорликни таъминлаган дўстимиз рейсхфюрер Гиммлер учун кўтаришингизни сўрайман!
– Мен ушбу қадаҳни буюк доҳий Сталин учун кўтаришингизни сўрайман! – деди учинчи қадаҳ сўзини айтган Иоахим Риббентроп гапни узатмай.
– Энди концерт тинглаб дам оламиз ва ички ичамиз! Эртага биргаликда Большой театрга борамиз, – деди Сталин Риббентропга. Ўртоқ Молотов, бюст каби қаққаймай национал социалист дўстимиз билан суҳбатлашиб ўтиринг, – буюрди доҳий ўз министрига. – Мусофирни зериктирманг!
Юзига сохта табассум югурган Молотов текис қўзи тишлари тиржайганча меҳмонга ўгирилди.
– Бизнинг даврамизда ўзингизни қандай ҳис этмоқдасиз, муҳтарам меҳмон дўстимиз? – расмий протоколдан чиқмай гап бошлади Молотов.
Бир оз ички ичиб қизишган Сталин Галина Улановани ёнига чақириб суҳбатлашар, икки ташқи ишлар вазирининг суҳбатини эшитмасди.
Доҳий ва актриссага боққанча қотиб қолган қўноқ ҳамкасбининг гапини эшитмади. Сталин атрофидаги раҳбарлар унинг олдида одамга ўхшаб емак ейишга ҳам ҳайиқишарди.
– Бизнинг даврамизда ўзингизни қандай ҳис этмоқдасиз, ҳурматли жаноб нацист Риббентроп? – саволни такрорлади очиққан Молотов қизил балиқ дудламасини оппоқ нон устига қўйиб оғзига соларкан.
– Бундай тантанали қаршилаш, бундай иззат-ҳурматни ҳеч бир ерда кўрмаганман, жаноб Молотов. Мен ўзимни эски партайгеносселарнинг орасида