Абдужалол Рахимов

Мугат фолбин


Скачать книгу

Кўҳна пахса деворга темир дарвоза ўрнатилган. Забаржад бўёқ кўрмай занглаб кетган дарвозани тақиллатганида тонг ёришганди. Ичкаридан ёш келинчак чиқди. Лўли кампирни кўриб иккиланиб қолди.

      – Қизим, ман фолбинман. Чарчаб қолдим. Рухсат берсанг, бироз дам олай? – деди Забаржад.

      – Киринг хола, – келинчак йўл берди.

      Забаржад унинг ортидан юрди. Бу ҳовли қишлоқдаги сўлим, файзли хонадонларга ўхшамасди. Каттагина саҳнга дарахт, ҳатто ток экилмаган. Кетмон тегмаган ер қақраб ётибди. Ҳовли тўрида бир туп ўрик ўсган. Остида беўхшов ёғоч сўри. Забаржад сўри четига ўтирди. Қўлини фотиҳага очиб, дуо қилди. Бинафша гулли кўйлакдаги, яшил шоҳи дурра ўраган келинчак хомуш эди. У ўрнидан қўзғалди.

      – Ўтир, қизим, – деди Забаржад. – Исминг нима?

      – Олмагул.

      – Ҳаётинг яхши эмас экан.

      Олмагул бошини кўтармай ўтирарди.

      – Хўжайин келиб қолади, – деди секин.

      – Келмайди!

      – Сиз қаёқдан биласиз?

      – Ман фолбин-ку, қизим. Уни яхши кўрасанми?

      – Қўрқаман… Қўрқаман, хола, жудаям қўрқаман! Умримни хазон қилди!

      Олмагул йиғлаб юборди. Кўз ёшини рўмолининг учи билан артиб, Забаржадга қаради:

      – Дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Юрагим зардобга тўлди. Яшагим келмаяпти, хола! – Унинг кўзларидан дув-дув ёш қўйилди.

      – Ундай дема, қизим. Сан ҳали ёшсан. Қўлингни берчи манга?

      Олмагул ўнг қўлини узатди. Забаржад унинг кафтини силади.

      – Дардинг арийди, болам.

      – Йўқ!

      – У сани зўрлаб олган.

      – Қаёқдан билдингиз?

      – Манга айтиб бер, юрагинг бўшайди.

      – Айтмаганимдаям бутун қишлоқ билади, хола! Юзим қора мани, – пиқиллаб йиғларди Олмагул.

      – Ота-онанг яхши одамлар экан.

      – Уларнинг бошлари эгилди. Пешанам шўр экан… Ўша куни уйда ёлғиз эдим. Кун кеч бўлиб қолганди. Эшқул пойлаб юрган экан. Ҳеч ким йўғида кириб келди. Кўзлари қип-қизил. Мастга ўхшарди. Қўрққанимдан овозим чиқмай қолди. Уйга қочиб кирдим. Эшикни беркитолмадим. У орқамдан кирди. Ўзимни деразага отдим. Ушлаб олиб бошимга мушт туширди. Ўзимдан кетиб қолибман. Белимдаги қаттиқ оғриқдан ҳушимга келдим…

      Олмагул икки кафтини юзига босиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. «Йиғлаб ол, енгил тортасан» деди кўнглида Забаржад. У юрагидаги бор аламини тўкмоқчидай анча пайт йиғлади. Кейин кафтларини юзига босиб, оққан ёшларини сидирди-да, давом этди:

      – Қип яланғоч Эшқул устимда ётарди… Кейин… «энди мен билан юр, уйимга олиб кетаман, бошқа иложинг йўқ» деди. Уни айтганини қилдим. Нима деса шуни қилдим. Икки ой бўлди, аҳвол шу. Отам билан онам ҳам адо бўлишди.

      – Уч кун аввал тунда қаерда эди?

      – Ризо деган шериги бор. Уям шу қишлоқда туради. Иккаласиям қамалиб чиққан. Ўша билан кетганича саҳарда кириб келди… Нега сўраяпсиз?

      – Керак, болажоним, керак. Қўлида нима бор эди?

      Олмагул Забаржадга ажабланиб қараб қолди.

      – Қопчиқ бор эди, – деди. – Омборга олиб кириб кетди. Унда нима бор?