ҳамма кўрди ва билди. Бироқ уларга боққан кўпларда ҳасад эмас, ҳавас учқунлари ялтирарди.
Барон Анастасиянинг қучоғида тонгни бедор қаршилади. Иккалалари ўзга одамларга айтиб бўлмайдиган, фақат ўзларигагина аён бўлган гапларни гаплашиб ётишди. Худди узоқ йиллардан бери бирбирларини кўрмаган ошиқлардек, бир-бирларини маҳкам қучоқлашганича ётишди. «Қани энди тонг отмаса, қучоғимдаги дилбар ўрнидан турмаса», дея ўйларди кекса лўли. Аммо ҳеч кимнинг измига итоат этмайдиган табиат уйғонганди.
Барон ўрнидан туришга мажбур бўлди. Ювинибтараниб, уйига жўнаш фурсати келганлигини айтди. Анастасия тайёрлаб қўйган нонуштага ҳам қарамади. Бир пиёла қаҳва ичди-да, аёлнинг юзидан ўпиб, уйдан чиқиб етди. Ахир бугун Қоплоннинг одамлари унинг олдига келишлари керак эди-да!..
Тунги соат ўн икки бўлганда дўстлар жамланишди. Аввалдан келишганларидек, Витянинг қўлига бир қулоч келадиган арматурани бериб, эшик олдида қолдиришди. Володя қаердандир учи ялпоқ ломни топиб келди. Ҳамид ётоқхона эшигидаги қулфни бурагич билан очди. Ичкарига киришганида пул сақланадиган жойни Володяга кўрсатди.
– Бу ерда ҳеч қандай сандиқ йўқ-ку? – деди ҳайрон бўлган рус.
– Жавоннинг ичида, – кўрсатди Ҳамид.
– Аҳмоқ, бунинг ичида сандиқ нима қилади?
– Ўз кўзим билан кўрганман, Барон пулни шу жавон ичига солганди. Қаеридадир эшик бўлиши керак!
Улар ойнали жавоннинг эшигини бузишди. Токчаларга териб қўйилган буюмларни ерга улоқтиришди. Унинг ортида сандиқ борлигини ҳақиқатдан ҳам одам тасаввурига сиғдиролмасди. Сандиқнинг эшиги шу қадар мустаҳкам эди-ки, уни очиш унча-мунча одамнинг қўлидан келавермасди. Володянинг темирчиликдан хабардорлиги кўл келиб қолди. У ломни қаерга уришни яхши биларди. Эшикни бузиш анча вақтни олди. Ниҳоят, қулф очилди. Очилди-ю, ҳам Володянинг, ҳам Ҳамиднинг кўзлари соққасидан ирғиб чиқиб кетаёзди. Сандиқ ичида бир эмас, иккита қопда пуллар тахланиб ётарди. Қароқчилар хўжайинларининг бойлиги бу қадар бисёрлигини хаёлларига келтиришмаганди. Сандиқнинг тепа қисмида аёлларнинг тилла ва бриллиант тақинчоқлари териб қўйилганди. Буларга кўзи тушган заҳотиёқ Ҳамид елкаси билан шеригини туртиб, буюмларга чанг солди. Володя ҳам қуруқ қолишни истамади. Қўлига илинган нарсаларни чўнтакларига тиқди.
– Ҳамид, Алибобонинг хазинасига дуч келиб қолдик, биродар. Буларни бизга Худонинг ўзи етказди. Тиллалар тўғрисида Витяга оғиз оча кўрма. Билмагани яхши. Биз унга пулларни берамиз.
– Мени туртма, оёқларинг остидаги пулларни эзғилама, улар сочилиб кетса, иш пачава бўлади. Чўнтакларим тўлди, Володя, бас, етар энди, қолгани турсин!
– Нимага турар экан, ахир биз қайнар хумчага дуч келдик. Ташлаб кетсак, гуноҳга ботамиз. Кейин афсус чекиб, ўзимизни ўзимиз кечиролмаймиз.
– Барондан қўрқяпман, – Чўнтаклари аллақачон тақинчоқаарга тўлган Ҳамид ҳамон қўлига илинган марварид, бриллиант ва олтин буюмларни қўйнига тиқишда давом этарди. – У ҳозир келиб, бизни тутиб олса-я, нақ