Исокжон Нишонов

Қасоскор қашқирлар 2-китоб


Скачать книгу

қўлига тўппонча билан унинг ҳужжатини топширди.

      – Буни сотиб олганман, ноқонуний эмас!

      – Сен менга қўйиладиган яна бир айбдан халос қилдинг! Ярим соатдан кейин мен милииия идорасида бўламан, сен эса отанг билан ўз уйингга кетавер!

      Аниса шу сўзларни айтиб, хонадан чиқиб кетди.

* * *

      Шуҳрат Шарифовичга берилган ваъданинг уддасидан чиқиш учун Барон яна қўшимча икки кун муҳлат олди. Бунинг боиси, юқорида биз таъкидлаган воқеанинг содир бўлиши билан боғлиқ эди. Лўли чол ўз сўзининг уддасидан чиқди. Изқувар айтганидек ўртада бўлиб ўтган гап-сўзларнинг исини Ҳамидга сездирмади. Аввалгидек муносабатда бўлди.

      Қизнинг ўша куннинг ўзидаёқ тўппончани олиб, милиция идорасига кетиши лўли чол учун ҳақиқий байрамга айланди. Шу пайтгача юрагини қийнаб, азоблаб келаётган барча оғриқлардан, хавотирлардан халос бўлган Баронни олдинда нималар кутаётгани тўғрисидаги ҳикоямизни давом эттириш фурсати ҳам етиб келди…

      Володя ва Витя улар ўйлаб юрган режаларини тезроқ амалга оширишни бир неча бор Ҳамидга айтган бўлишса-да, негадир у ўзи таклиф қилган ишни пайсалга солаётганининг сабаби тушунишмасди. Бу галги машваратда ҳаммаларининг юракларини така-пука қилаётган нарса бош мавзуга айланди. Володя қандай қилиб бўлмасин, ишга нуқта қўйишни мақсад қилганди.

      – Кутавериб сабр-бардошим тугади, – деди у ошкора хафа бўлиб. Ўзига қолса бу ишни шерикларини орага суқмасдан уддаламоқчи бўларди. Пул яширилган жойни кўрмаганидан афсусланарди. – Бўладиган ишнинг бўлгани яхши. Тушларимда ҳам лаънати пулларни кўраман! Бугундан ортиқ кутолмайман!

      – Ўринли таклиф, – гапга қўшилди Витя. – Ишдан кейин ҳаммамиз йиғилайлик. Маслаҳатни бир жойга қўяйлик!

      Унинг ҳам хаёлидан пул кетмасди. Ўзига қолса, бу ишни ёлғиз, шерикларини орага суқмасдан уддаламоқчи эди. Афсуски, пул яширилган жойни у ҳам билмасди.

      Улфатлар ишдан кейин кечки овқатни бирга қилишди. Бир шиша арақни майдалаб ичишди. Ҳамид дўстларига Баронни кечадан бери ўзгариб қолганидан шикоят қилди.

      – Лўли мендан хонасининг калитини тортиб олди. Қоғозларни топширишимни айтди. Фақат янги ҳисобчи келмаяпти.

      – Барон сенга ишонмай қўйган, – деди Витя. – Бугун – эрта уйидан ҳайдайди.

      – Гуноҳ иш қилмадим, топшириқларини ўз вақтида бажармоқдаман! – соддалик билан деди Ҳамид.

      – Чол бекордан-бекорга қўлингдан калитни тортиб олмаган, ҳужжатларни топширишингни талаб қилмаётган, бирор айб қилгандирсанки, шундай қилган!

      – Унда ишни пайсалга солмай тезлатишимиз керак! – уни қувватлади Володя.

      – Тўғриси кутиш менинг ҳам жонимга тегди. Эртага ҳайдаб юборса қаерга бораман?

      – Дўстларим, – деди Витя шивирлаб. – Барон бугун тунда лўлиларнинг қандайдир маросимига боради. Эрталаб қайтиб келади. Ишни тунда бажарамиз! Соатларингни тўғрилаб олинглар. Операция тунги соат ўн иккида бошланади!

      – Борди-ю, хўжайин келиб қолса-чи? – Бу ҳамма нарсага шубҳа билан қаровчи Ҳамиднинг сўзи эди.

      – Эшик олдида Витяни қолдирамиз. Келиб қолса,