Исокжон Нишонов

Қасоскор қашқирлар 2-китоб


Скачать книгу

борди-келдиларни ҳам эсдан чиқариб юборишган. Дунёнинг катта-катта шаҳарларига тарқаб кетишди. Илгарилари кўчада юрсам қаршимдан келаётган миллатдошимнинг кийимидан, юришидан таниб, юрагим шодликларга тўлиб кетарди. Ҳозир эса улар миллий удумларимизни унутишган. Ўзга миллат йигит-қизларига турмушга чиқиб, томирларимиздаги соф лўлилар қонини булғашмоқда. Бу кетишда ер куррасида лўли, деган миллат бадном бўлиши муқаррар.

      – Бу биргина сенинг дардинг эмас, Макар. Менинг юрагимни ҳам шу азоблар ўртайди. Сендан яширмайман, Алёнани ҳам чечен йигитига турмушга узатгандим… Кел, бу масала бизнинг дардли азобимиз бўлса-да, ҳозир бир четга суриб турайлик. Менга Анисани топишда ёрдам бер!

      Макар жим қолди. Унинг хаёли анча олисларга кетганди.

      – Бир-икки кун кутишингга тўғри келади, – деди ниҳоят чуқур ўйга толган лўлилар етакчиси. – Мен суриштирай, бошқа шаҳарлардаги танишларимга хабар берай. Зора, уларни танийдиган одам топилса.

      – Кутишга тоқатим ҳам, сабрим ҳам йўқ. Макар. Айтаяпман-ку, қизимнинг ҳаёти хавф остида. Уни милиция қидиряпти. Тутиб кетса, уйим куяди, мен тириклай ўламан. Қамалган одамни чиқариш осон бўлмайди.

      – Мени тўғри тушун, азизим, сен учун қўлимдан келган барча ёрдамимни аямайман. Қиз ҳақида хабар топсам, ўша заҳотиёқ сенга етказаман. Ҳозироқ бу ишга киришаман! Сен эса хоҳла, менинг кулбамда тур, хоҳла уйингга жўна!

      – Бир соат ҳам бу жойда қололмайман, Макар. Қизимнинг олдида бўлмасам, уни кўрмасам юрагим жойига тушмайди. Назаримда, уни тутиб олишаётгандек.

      Барон телефон рақамини қолдирди. Кекса лўлининг бесар юраги қуш мисоли уйига, хатарда яшаётган қизининг ҳузурига талпинарди. Турли ўй ва хавотирлар қарияга тинчлик бермасди. Барон кетиш олдидан ҳамёнидан ўн минг доллар олиб, Макарнинг олдига ташлади. Уй соҳиби бир пулга, бир Баронга қаради-ю, аммо бир сўз айтишга тили айланмади.

* * *

      Қоплон Шуҳрат Шарифовични кутишга сабри чидамай, Элёрни Олма-Отага жўнатди.

      – Биз боргунча ўша ерда бўл. Мен Шуҳрат Шарифович билан орқангдан етиб бораман! – деди.

      Элёр Олма-Отага учиб кетди.

      Кечга яқин Шуҳрат ака кириб келди. «Тилла йигит» унга Ҳамиднинг Олма-Отада эканлигини, Анвар уни кўрганини гапириб берди.

      – Элёрни ёлғиз жўнатиб, нотўғри қилибсиз. Агар у Анварни таниган бўлса, аллақачон қочиб кетган,деди бош чайқаб кекса изқувар.

      – Баронга қўнғироқ қилайми? – ўз хатосини тушуниб етган Қоплоннинг юзи бироз қизарганди.

      – Ҳозирча хабардор қилмаганимиз дуруст.

      – Унда биз ҳам жўнаймиз. Ҳамидни ўзимиз ушлаймиз!

      – Бу қалтис иш, – деди изқувар бир зум ўйга толгач. – Олма-Ота бошқа давлат, ўзининг қонунлари бор. Фақат ички ишлар идоралари ўзаро келишиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргач, уни қўлга олиш мумкин.

      – Унда биз ютқазамиз! – аччиқланди Қоплон. – Бир йўлини қилинг, Ҳамидни ўзимиз ушлаб, бор ҳақиқатни унинг тилидан эшитиб, кейин қонун посбонларининг ихтиёрига топширайлик!

      – Барон бизнинг гапимизга кирармикин? – сўради изқувар бироздан кейин.

      – Киради!