сездирмай изингга тушган кўринади.
– Сизга қийин бўлди, ота. Мелисалар сизни ҳам тинч қўйишмайди, деб қўрқаман!
– Хавотир олма, оппоғим, уларга қандай муомала қилишни ўзимни яхши биламан.
Барон титроқ қўллари билан қизининг пешонасини силади. Режасини Алёнага айтишга шошилмади. «Ҳозирча билмай тургани дуруст», деб ўйлади. Анисани тополмаса, қизи ноумид қолади.
– Ота, балки ўзим мелисага борганим маъқулмикин?
Кутилмаган саволдан кекса Барон қалқиб тушди. У ялт этиб қизига юзланди. Ним қоронғу хонада Алёнанинг кўзларида ёш кўрди. Отанинг юраги баттар эзилди.
– Айбимга иқрор бўлсам, суд менга енгиллик берар.
– Ундай қила кўрма, оппоғим. Сенинг турмада ўтиришинг мен учун иснод! Шу пайтгача мағрур яшадим, ҳеч кимнинг олдида тилим қисилмади, бошим эгилмади. Кексайганимда шарманда бўлишни, бошим кўксимга осилиб тушишини истамайман! Агар мен ўйлаган режа амалга ошса, сен ҳам бошингни баланд кўтариб юришинг мумкин, оппоғим!
Барон қизинипг олдида узоқ ўтирди. Ўз қўли билан унга овқат едирди. Шунда қизининг гўдаклик чоғлари эсига тушди. Болалигида ҳам уни ўзи овқатлантирарди. Алёна шўх ва ўйинқароқ эди. Отасининг тиззасида овқатланишни хуш кўрарди. Шуларни эслаганида Бароннинг кўзига ёш келди.
– Энди кетинг, ота, – илтимос қилди Алёна деразадан оқариб келаётган тонгни кўриб. – Ҳали замон кун ёришади. Бу ерга келганингизни одамлар кўрмагани яхши.
Барон ўрнидан турди. Титраётган лабларини қизининг пешонасига босиб, у билан сўзсиз ҳайрлашди. Қария остонага егганида, ортига қайрилди. Икки қадам нарида, қўлларини осилтириб, бошини эгиб турган қизи кўзига жуда ҳам ғалати ва ғариб кўринди. Назарида у аввалги Алёнага мутлақо ўхшамасди. Сочлари оқариб, юзлари буришиб, пешонасига ажинлар из солгандек эди. Уни сўнгги бор кўриб тургандек, эшикни ёпса абадий йўқотиб қўядигандек туюлди. Бароннинг ўпкаси шишиб кетди ва ўзини қўлга ололмай ерга тиз чўкди-ю: «Алёна, қизим», деб ўкириб, йиғлаб юборди. Бошини чангаллаб, ичидан отилиб келаётган ўкирикни тўхтатолмай ҳўнграрди. Қиз ҳам отасини сўнгги маротаба кўраётгандек, остонадан ҳатлаб ўтса, бир умрга йўқотиб қўядигандек ўзини унинг иссиқ ва меҳрга тўла қучоғига отди. У ҳам йиғлаб юборди.
Эртаси куни Элёр Бароннинг эшигини тақиллатди. Бу гал Витя чиқди. У Бароннинг яқиндагина келганини ва дам олиш мақсадида хонасига кириб кетганини айтди.
– Сиздан илтимос, уйғотиб юборсангиз, мен жуда зарур иш билан келгандим, – деди худди иши ҳақиқатдан ҳам зарурдек типирчилаб.
– Уни уйғотишга менинг ҳаддим сиғмайди, уришиб беради!
– Мен олиб келган хушхабар сизни бундай жазодан сақлаб қолади!
Хизматкор ноилож хўжайиннинг хонаси томон юрди. Бироз ўтиб Барон уйқусираган кўзларини ишқалаб, деразадан бошини чиқарди. Эшик олдида турган йигигни танимади. «Мелисадан бўлса керак», деган фикр вужудини титратиб юборди.
– Менда нима ишинг бор?
Элёр унинг олдига келди.
– Салом!
– Кимсан?
– Мени «Тилла йигит» жўнатди, – деди паст