кирайлик, оппоғим. Нима ишлар бўлганини менга бир бошдан тушунтириб бер!
Ичкарига киришди. Алёна бўлиб ўтган воқеаларни рўйи-рост гапириб берди. Ота унинг сўзларини бош эгиб, ғамга ботиб, гоҳи гоҳида оҳ уриб тинглади.
– Келишимни кутсанг бўларди-ку, оппоғим? У ярамас билан қандай муомала қилишни мен яхши билардим. Керак бўлса ўзим мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдирардим.
Алёна отасининг елкасига бошини қўйиб ғамғин оҳангда сўради:
– Энди мени қамашади, ота…
– Ташвишланма, оппоғим. Бир иложини қиламиз. Мени Барон дейишади. Сени турмада ўтиришинг мен учун номус.
Чол ўйга толди.
Алёна йигирма йил ота бағрида яшади. Барон уни камситмади. Ҳам оталик, ҳам оналик меҳрини бериб тарбияладн У қизига шу қадар ўрганиб қолганди-ки, ўзини Алёнасиз бир сония ҳам бахтли ҳис этолмасди. Қаерга бормасин, ўзининг қадрдон дўстлари даврасими, базм-жамшидлардами қизига бўлган соғинч ва меҳр бир зум ҳам унинг юрагини тарк этмасди. Қадаҳ кўтараётганда, аввало, қизининг соғлиги учун ичарди. Энди уни турмада ўтиришига қандай чидайди? Бароннинг юраги бундай айрилиққа дош бера оладими?
Барон юрагини сиқиб, кўз олдига қоронғулик пардасини ташлаётган ғамни оҳ уриш билан бўшатди. У ўрнидан турар экан, қизининг ҳам билагидан тутиб, унинг туришига ёрдамлашди. Кўзига Алёна бир неча кун ичидаёқ сарвдек қомати букилиб, гулдек юзи сўлиб қолгандек кўринди.
– Ўзингни қўлга ол, қизим, мен тирик эканман, сени ҳеч ким қамоққа тиқолмайди. Юрагингдаги қўрқув ва ваҳималар ўрнини шодлик қувончга бўшат. Илгари қандай яшаган бўлсанг, шундай яша. Мен ўзимнинг нимага қодирлигимни кўрсатаман! Сендан илтимос, ҳозирча ҳеч кимнинг кўзига кўринма. Яхшиси дала – ҳовлимизга жўна. У ерга ҳеч ким сени излаб бормайди.
– Яхши, ота, – деди Алёна. – Сиз нима қиласиз?
– Мен икки-уч кундан сўнг оллингга ўтаман!
Барон ўз хонасига кириб, кийимларини алмаштириб, ҳамёнини пулга тўлдириб, уйдан чиқиб кетди. Қаерга ва кимнинг олдига кетаётганини, ҳатто қачон қайтишини хизматкорларидан яширди. Кекса лўли Қарагандага йўл солганди. Шаҳарга етиб келганида вақт пешиндан ўтганди. Лўлиларнинг етакчиси шу шаҳарда яшарди. Ёши етмишлардан ўтиб қолган бўлса-да, қадди-қомати барваста, кўринишидан анчагина бақувват бўлган бу одамни Макар, деб аташарди. У ўзини ҳамиша ёшлардек бардам ва тетик олиб юришга одатланганди. Юзининг ярмини эгаллаган оппоқ соқоли кўксига осилиб тушган мўйсафиднинг ўткир кўзлари остона ҳатлаб ўтган Баронни гарчи бир неча йилдан бери кўрмаган бўлса-да, таниди. Мартаба ва ғурури меҳмонни ўрнидан туриб кутиб олишга монеълик қилди. Келгувчи томонидан берилган саломга бош ирғаш билан жавоб қайтарди. Бу ичкарига киришга ҳамда етакчининг қўлини олиб кўришишга берилган изн эди. Барон остонани босиб ўтди. Оралиқ уч-тўрт қадам қолганида Макар чидаб туролмади. Қадрдон дўстини ялпайиб ўтирган ҳолда кутиб олишни ўзининг ахлоқига зид эканлигини тушуниб, ўрнидан турди. Барон эса буни ўзига нисбатан билдирилган ҳурмат