етарли бўлса, мактаб ўқувчиси ҳам китоб чиқаряпти. У дамларда дастлабки тўплам ёшларнинг кўрик-кенгашида муҳокамадан ўтиб, нашрга тавсия этилиши шарт эди. Бу жараён ва нашриёт режасига киритиш ҳаракати бир қанча йиллар давом этарди. Айниқса, шеърий китобча чиқариш анча мушкул эди (Абдулла Ориповнинг биринчи китоблари 24 ёшларида нашр этилганини эслаш кифоя). Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниш маънавий-руҳий томондан кишига мадад бергани баробарида моддий рағбатлари ҳам мавжуд эди. Уюшма аъзоларига уй, автомашина, гилам каби бойликларни олиш имкони енгиллашарди. Уюшманинг энг сўлим жойлардаги ижод уйларига бориш ҳам мумкин бўларди. Лекин нашриётда китоб чиқариш жараёнига уюшмага аъзолик таъсир этмасди. Яъни, ёзувчининг аъзо ёки аъзо эмаслигига қаралмасди, асарнинг бадиий адабиёт талабларига жавоб бериши ёки бермаслиги, муҳими – белгиланган социалистик реализм ғояларига қанчалар мослиги эътиборга олинарди. Дастлабки китобларини бир амаллаб нашр эттириб, бир амаллаб уюшмага аъзо бўлиб олгач, 10-20 йиллаб китоб чиқаролмай юрганлар ҳам учраб турарди.
Биринчи китоблари нашр этилгач, уч тажрибали ёзувчидан тавсиянома олинарди. Кўпчилик ёшлар машҳурлардан тавсиянома олишга уринишарди. Мен ундай қилмадим. Ҳатто тоғам – Мирзакалон Исмоилийдан ҳам олмадим. “Тоғаси туфайли аъзо бўлиб олди”, деган маломат юкини кўтариб юришни истамадим. Суннатулла Анорбоев, Ваҳоб Рўзиматов, Ғани Жаҳонгировлар менга тавсиянома ёзиб беришгач, ҳужжатларни уюшмага топширдим. Ҳужжат топшириш билан қабул қилиниш орасида неча йиллар ўтиши Худогагина маълум эди. 5-10 йиллаб кутувчилар ҳам бор эди. Сабр билан кутиб юрганимизда ёшларнинг бахти очилиб қолди. Қайсидир мажлисда Шароф Рашидов уюшма раиси Комил Яшинга “Аъзолар орасида нега ёшлар кам?” деган танбеҳли савол берибдилар. Шундан кейин навбатдаги Бошқарув (устоз ёзувчилар даврасидан иборат ҳайъатни “Правление”, “Президиум” баъзи йиллари эса “Котибият” – “секретариат” деб атаганлар) мажлисида ўндан зиёд ёшларни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш ҳаракати бошланди. Камина ҳам шу рўйхатга кириб қолишдан умидвор юрганимда уюшма ишларидан хабардор бўлиб юрувчи дўстлардан бири “Сиз қабул рўйхатида йўқсиз”, деб “тарвузимни қўлтиғимдан туширди”, умид чиннисини синдирди. Агар шу катта гуруҳ сафида ўтмасам, фантаст ёзувчининг қабул қилиниши осон бўлмай қоларди. Рўйхатда йўқлигимни яна 2-3 дўстлар айтишиб, “ҳаракат қилинг”, деб маслаҳат беришди. Қандай ҳаракат қилишим керак? Тоғамга югуриб бориб ёш боладай кўз ёши қилайми, менга раҳм қилиб, Комил Яшинга учрасинларми? Энг осон йўл шу. Лекин буни истамадим. Ўйлай-ўйлай, Асқад Мухтор ҳузурларига кириб, маслаҳат сўрадим. Гапимни эшитиб, Асқад ака ажабландилар. “Бундай бўлиши мумкинмас, рўйхатда номингизни ўзим кўрганман”, деб дарров телефон гўшагини кўтариб қабул билан шуғулланувчи одам билан боғландилар-да, сўнг менга кулиб қарадилар:
– Дўстларингиз сабрингизни синаб кўрмоқчи бўлишибди. Дадил бўлинг, кайфиятни яхшиланг. Қабул қилинувчилар рўйхатида борсиз.
1977 йилнинг 18 январь куни уюшма Бошқарувининг мажлисига таклиф қилдилар. Ўн (ёки ўн беш, аниқ ёдимда йўқ) ижодкор дўстлар ҳаяжон билан тўпландик. Ёзувчилар