Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (3 китоб)


Скачать книгу

бас келишим қийин. Йил сайин сустлашаётганга ўхшайман. Ўзимни ўзим алдайман. Арзимаган нарсаларга чалғийман. Мия кераксиз нарсалар учун ишлаяпти. Куюнишларим ҳам беҳуда нарсалар учун. Менинг ёзганларим Болтавойга ёки Тешавойга ёқмасин, 100 одамнинг ўнтасига, борингки, олтмиштасига ёқмасин. Шунга ҳам азами? Адабиёт ўрмонини чопиб, кесиб юрган болтавойларнинг ўзи ким?! Ёзганларим Ўроқвойга ёқмаганмиш. Марҳамат, пули чўнтагида. Мен бугун баркамолликка даъвогар эмасман, ҳали хомлигимни ўзим ҳам биламан. Демак, ишлашим керак, ёзаверишим керак. Кўпроқ яхши нарсаларни ўйлаб, ота-онамни, қизларимнинг келажак бахтини ўйлашим керак. Қитмирлар атрофимда минғирлаб юраверишсин. Ахир холис дўстларим ҳам бор-ку?! Бугун дўстларимга бахт кулиб боқяпти. Ҳам хурсандман, ҳам хафаман. Хурсандлигим – меҳнатлари ўзлари орзу қилган натижани беряпти, ниятларига етишяпти. Дўстларимнинг умид қуёшлари чарақласа – менинг кулбам ҳам чароғондир. Хафалигим – ўзимдан. Дўстларим каби меҳнат қила олмаганимдан. Иродам бўшлигидан, дангасалигим эса кучлилигидан. Бўлар, бас! Ўттизнинг чегарасидан ўтилди, ёшлик ортда қолди! Ўйин-кулгулар ҳам чегаранинг у томонида қолсин энди! Энди фақат иш, фақат ижод! Балки иродани жиловлашга фурсат бордир. Қани, ҳаракат қилиб кўрайин-чи! Сергей мактубида “ни дня без строчки!” деб шиор ташлаган эди. Қўлда шу шиор, олға!

      Москва сафаридан аввал “Алвидо, Отелло!” деган ҳикоямни пишитишим керак. Аввалги варианти қуруқ. Воқеа чет элга кўчирилса, миллийлик йўқолади. Ўзимизда бўлса, сюжет сусаяди. Эртаги кун шу ҳикоянинг ўйлашга, қани, нима чиқаркин? Ҳозирча ҳикояни Англия газетасининг сенсацион хабаридан бошлайман. Яъни, 8 йил илгари йўқолган бола топилади, кўриниши одам, ҳаракатлари ҳайвон. Яъни, у ит қилиб тарбияланган. Кибернетик эгизак интервью беради в.ҳ.к.

      Эрталаб жисмоний тарбия машқи бажариладими?

      14.01.77. Одамларда масъулият ҳисси ё туғма бўлиши керак ё эрта ёшликдан шу руҳда тарбияланиши шарт. Бўлмаса у умр бўйи бировларни қийнаб юради. Мана, бугун “Фалак” учун 802 сўм гонорар олдим. Ҳолбуки, пул 30 декабрда ўтказилган экан. Одамни шунча овора қилишди. Қарзлардан қутуларман, деб қувонган эдим. Хотинхўжанинг эрталабки гапи бошимга гурзи бўлиб урилди. Уйидан олиб келган тахталарим эвазига пул тўлашим керак экан. Қайнотамдан қолган тахталарнинг сараларини божам олиб кетган эди. Қолган-қутгани кичкина ҳовлини ивирситиб ётмасин деб олган эдим, менга шу тахталари керакмиди? Калта ўйлашим оқибатида пул учади-ю, кетади. Чирик тахталарини қайтариб олиб бориб ташлай, деб ўйладим. Майли, майдалашмай, пул кетса кетсин, обрў кетмасин…

      Ишга келиб, кун бўйи иккинчи соннинг корректурасини ўқидим. Асқад акага кириб Ёзувчилар союзига қабул масаласини айтдим. Аммо шу ишим бекор бўлди. Индамай қўя қолганим маъқул эди. Союзга бугун бўлмаса эртага қабул қилишар. Бу нарса ёзишимга таъсир қилмайди-ку? Биров суриштирмайди ҳам. Баъзан калта ўйлаб қоламан-да, шуниси чатоқ!

      Пиримқул Қодиров мен ҳақимда кўп ижобий фикрлар билдириб ёзибдилар. У кишига миннатдорлик билдиришим