хабарни айтдилар:
– Биз сизнинг номзодингизни комсомол мукофотига тавсия этяпмиз!
Ана холос, комсомолдан ўчиришга қарор қилган идора энди комсомол мукофотини раво кўрса?! Чархи фалак шу даражада тез айланадиган бўлиб қолганми? Мендаги совуққонлик иллати бу сафар ҳам панд берди, опанинг кўнгли учун салгина жилмайиб қўйсам асакам кетармиди!
– Хурсанд эмасмисиз? – дедилар опа.
– Хурсандман, лекин номзодни тавсия этиш, мукофотни олиш, деган гап эмас.
– Радиокомитетнинг тавсияси ҳеч қачон ерда қолмайди, юринг, сизни парткомда кутишяпти.
Радио ва телевидение Давлат қўмитасида коммунистлар сони кўп бўлгани учун партия ташкилоти райком мартабасида эди. Партком опамиз худди райком котиби дабдабаси билан юрардилар. Радиода кўп йиллар ишлаб, ҳали бирон марта бу хонага қадам босмаган эдим. Хонада партком опамиз билан яна бир рус йигити ўтирган экан. Уни “Ҳамза район комсомол комитетининг биринчи котиби”, деб таништиришди. Одатдагидек, соғлик-саломатликдан гап бошланиб, ижодга, сўнг радиоэшиттиришларга кўчди. Насиба опа мени мақтадилар (Бу мақтовлар аввал ҳам айтилган экан шекилли, эътиборсиз тинглашди). Партком опамиз бунга қўшимча қилиб, комсомол мукофотига лойиқ эканимни таъкидладилар (Бу мақтовларга илова равишда комсомолдан ўчирилишимга доир воқеаларни эслаганимда бир сакраб тушишлари аниқ эди. Улар гапираётганда мен шу ҳолатни тасаввур қилиб ўтирдим). Мақтовлар тугагач, комсомол раҳбари мен билан алоҳида гаплашиш истаги борлигини айтгач, опалар чиқиб кетишди. Мен эсам, дангал ростига кўча қолдим:
– Иккита сабаб билан бу ишни тўхтатишни таклиф қиламан: биринчиси, мукофотга номзодлар ҳар хил тавсиялар-у, тақризлар тўплаш учун елиб-югурадилар. Мен бунақа иш билан мутлақо шуғулланмайман. Қарорингиз қатъий бўлса, майли номзодимни кўрсатинг, бироқ барча қоғозбозлик ўзингизнинг зиммангизда бўлади. Иккинчиси – буниси асосий сабаб – номзодни кўрсатиш сизнинг ташаббусингиз эмас. Ким томондан буйруқ берилганини билиб турибман.
Комсомол раҳбари гапларимни диққат билан тинглаб, кўзларимга тикилди:
– Сиз билан алоҳида гаплашишдан мақсадим ҳам шу эди. Очиқ гапирганингиз учун раҳмат. Абдурашид Сатторович кимингиз бўлади?
– Яқин ўтмишдаги синфдошим, ҳозир эса улфатим, қадрдон дўстим. Ташаббус обкомдан чиққанини тўғри сезибманми?
– Тўғри сезибсиз. Топшириқ оғзаки бўлгани билан бажаришимиз керак.
– Бажарманг. Абдурашид билан ўзим гаплашаман.
Шунга келишдик. Абдурашид Тошкент вилоят комсомолининг котиби эди. Ҳузурига бордим.
– Олифтагарчилигинг қолмас экан-да, – деб кутиб олди.
– Олифтагарчилик эмас, шундай бўлгани яхши.
– Оғайниларимга бир яхшилик қилиш қўлимдан келганда жим ўтиришим керакми? Хўп, республиканикини олишга ноз қилсанг, областникини берамиз. Ғинг демайсан.
– Республика мукофоти минг сўм, сеники-чи?
– Тўрт