Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (3 китоб)


Скачать книгу

аниқлаб олиб, бирларини итлар ҳақидаги, иккинчиларини чўчқалар ҳақидаги журналга обуна қилиб, пулини ўзим тўладим. Орадан 3 ой ўтгач, Баҳодир ака хонамга қошларини чимириб кириб келдилар-да столим устига рангли журнални ташладилар. Олиб қарасам – “Собаководство”, муқовада чиройли итнинг рангли сурати.

      – Ие, шунақа журнал чиқарканми? – дедим.

      – Бу сенинг ишингми, нима мени ит демоқчи бўлдингми? – дедилар.

      Баҳодир ака ўзларини ғазабланган қилиб кўрсатмоқчи бўлдилар-у, эплолмадилар. Бу ҳазилнинг ўзларига, айниқса кеннойимизга ёққанини кейин билдим. Бу журнал ойда икки марта чиқаркан, Баҳодир ака 24та журнални бехато равишда ўзимга олиб келиб топшириб турдилар. Менинг хавотирим иккинчи акамиздан эди. У киши Баҳодир акага ўхшаган кенг эмасдилар, астойдил ранжишлари мумкин эди. Аммо, таажжубки, ойлар ўтди, у кишидан садо чиқмади. Обуна қилинмай қолганмикин, деган гумонда почтага бориб суриштирдим ҳам, йўқ, журнални бехато олаётган эканлар. У ҳолда нечун жимлар? Ҳатто суриштириб ҳам кўрмайдилар. Бунинг сабабини ҳам кейинроқ аниқладим: маълум бўлдики, акамизнинг қишлоқдаги лақаблари “тўнғиз” экан. Журнал уйларига келганидаёқ бу ғаламислик илдизини қишлоқдан қидира бошлабдилар. Шунинг учун ҳам мен тинч қолган эканман. Бу ҳам бир омад-да!

      Расул Раҳмон менга қаттиқ гапирмайдилар, деб талтайиб юрганимда кутилмаган тўқнашув юз берди. Л.Брежнев мамлакатда камчиликлар кўп экани, аммо танқид суст эканини қайсидир йиғилишда айтган экан. Оммавий танқидчилик бошланди. Шубҳасизки, радио ҳам бу хайрли ишдан четда турмасди. Ҳамма роҳатланиб тинглайдиган “Табассум” эшиттиришида “Қармоқ” деган янги махсус саҳифа ташкил этилди. Таъбир жоиз бўлса, чиройли чопонга жун ямоқ тушди. Ҳажв услубидан бехабар мухбирлар шаҳар-қишлоқлардаги камчиликларни қидириб топиб, калтаклашни бошладилар. Мен бу танқидга қарши эмасман. Мамлакатда чиндан ҳам хато-камчиликлар кўп эди. Ҳажвий асарларда булар кулги тиғига олинарди. Лекин “Муштум”да ҳам, “Телеминиатюралар театри”да ҳам, “Табассум”да ҳам майда-майда, асосан маиший камчиликлар кулги қилинарди. Жиддий хатолар, айниқса каттами кичик амалдорга тегишли гапларнинг йўлига тўсиқ қўйиларди. “Қармоқ” ҳам асосан майда гаплар билан ўралашарди. Масалан: фалон колхоз сартарошхонасидан чакка ўтади, фалон қишлоққа қатнайдиган автобус секин юради… Пахтазор устидан сепилаётган кимёвий дорилардан заҳарланиб ўлаётган одамлар ҳақида, порахўрлик ҳақида… лом-мим дейилмасди.

      Баъзилар танқидга йўл очилганига ишониб, ҳақиқатни ошкор қилиш ҳаракатига ҳам тушдилар. Қашқадарёлик бир муаллим қишлоқдаги адолатсизликларни фош қилмоқчи экан, уни иғво ва туҳматда айблаб, қамоққа тиқибдилар. Бу ҳам етмагандай “Совет Ўзбекистони”да шармандали фельетон ҳам босилибди. Орадан қанчадир йиллар ўтиб, Ш.Рашидов вафотидан кейин кўп иллатлар юзага қалқиб чиқа бошлаган пайтда бу воқеа ҳам ойдинлашиб, муаллим оқланди. Бир куни ёзувчи акамиз Мурод Мансурни ташвишли ҳолда учратдим. “Марказқўмдан келяпман, – дедилар,