Санобар Жуманова

Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари


Скачать книгу

коммуникация воситалари тизими сифатида тушунилади; ҳудудий (бозор) ёндашуви – медиамакон медиабозор ҳудуди (мамлакат, шаҳар) ёки ахборий саноат сифатида характерланади; технологик ёндашув – медимаконга моддий технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган «виртуал реаллик» мақоми берилади; экологик ёндашув – медиамаконга инсон фаолиятининг барча соҳаларини қамраб оладиган глобал яшаш жойи сифатида қаралади7. Ҳар қандай ёндашувда ахборот воситасида инсонлар онгу шуурига таъсир, интерпретация масаласи марказда туради.

      Медиамакон умумий маънода ахборий макон, тор специфик мазмунда кибермакон билан ёндош келади. Медиамакон ахборот истеъмолчилари сонининг динамик ўсиши, коммуникациянинг кенг қулоч ёйиши билан боғлиқ равишда кенгайиб бормоқда. 2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, дунёда 4.66 миллиард киши интернетдан фойдаланади. «We Are Social» ва «Hootsuite» ташкилотлари ҳисоботига кўра, бу дунё аҳолисининг 59,5 фоизини ташкил қилади. Ижтимоий тармоқлардан 4,2 миллиард киши ёки аҳолининг 53,6 фоизи фойдаланади. Мобиль қурилма фойдаланувчилари катта қисмни ташкил қилади8. Рақамли оммавий ахборот воситалари сони, ахборот супермагистралидаги ҳаракатлар шиддати ошмоқда – глобал тармоқда 1,7 миллиард веб сайт мавжуд, ҳар соатда 7 миллион веб саҳифа онлайнда пайдо бўлади, телефон қўнғироғи ва шахсий ёзишмаларни ҳисоблаш имконсиз. Инсонлар диққат-эътиборини жалб этиш учун кураш тарғибот, ташвиқот, манипуляция, ишонтириш, таъсир ўтказиш усулларидан кенг фойдаланиш, брендлаштириш, реклама, шов-шувли янгиликларнинг кўпайиши, интернетдаги реклама учун сарфланган маблағларнинг ошиши каби кўринишларда юз бермоқда. Медиамаконга хос хусусиятлардан яна бири ахборотдан баҳрамандлик борасида рақамли тенгсизликнинг, ахборот олиш очиқлиги имкониятидаги фарқнинг мавжудлигидир. Интернет билан таъминланганлик кўрсаткичлари ўртасидаги тафовут дунё мамлакатларида 10 фоиздан 90 фоизгача бўлган оралиқдадир. Ахборотга, янгиликка ташналикнинг кучайиши қидирув тизимларида сўровга берилган мавзуларнинг 15 фоизи янгилиги билан изоҳланади.

      «Медиамакон» тушунчаси ўз ичига ҳозирги ахборий жамиятдаги, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги мураккаб жараён ва ҳодисаларни қамраб олади. Замонавий жамиятдаги ҳеч бир ҳолат медиамакондан айро ёки ундан ташқарида эмас. Шу қатори иқтисодий, сиёсий манфаатлар тўқнашувлари ҳам. Уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш халқаро миқёсда амал қилувчи ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилмагани ва техник жиҳатдан амалга ошириш имконсизлиги, сўз ва фикр эркинлиги масаласи мавжудлиги сабабли мураккабдир.

      Медиамакон турли даврларда, турли мамлакатларда турлича шаклланади, намоён бўлади, мақсад ва вазифаларини ўзгартириб туради. Масалан, МДҲ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ОАВ, кино собиқ иттифоқ даврида мафкуравий қурол бўлган, партия тизимининг тарғибот воситаси вазифасини бажарган. ХХ асрнинг 90-йилларидан кейин цензуранинг бекор қилиниши билан боғлиқликда медиабозор қоидаларига кўра ишлай бошлади, эмпирик