саволга тутди.
– Нега сени ёш агроном ҳайдади? Хотинига илакишиб юрганингни сезгандир-да.
Оловиддин жаҳли чиқиб бақириб берди:
− Нималар деяверасиз? Ҳазил ҳам эви билан-да!
− Бўлмаса янгани яхши кўриб қолганим ёлғон дегин-чи?
Оловиддин сир бой бергиси келмай елкасини қисди:
− У оилали бўлса.
Дядя Толик бирпас индамай, унга синовчан қараб қолди-да, сўнг:
– Майли, хафа бўлма, эри қувғин қилган бўлса, хотини сени барибир излаб келди, – деб қўлига хат тутди: – Калдиргач передала. Малодесь, такую красотку прихватил, – деб, қойил қолганини, бошини бир-икки силкиб билдирди-да, хирмонига қайтиб кетди.
Қалдирғоч шошилиб, ҳис-ҳаяжонга тўлибми ёзган шекилли, хатда жумбоққа тўла саволлар кўп экан. Оловиддин ўқишни бошлади:
– Тўғрисини айтсам, сиздан бундай бебурдликни кутмагандим. Талоқни чўзишингиз қайнанамни ағдарди. Уларнинг режаларида қайсарлик қилишингиз йўқ эди-да! Энди нима бўлади. Севдим-куйдимингиз эса сира менга керакмас! Боши ёпиқ жувон бўлсам. Муносабатларни чигаллаштирманг. Қайнанам анчагача ўзларига келмай, ичимда илон асрабман, яшамагур деб қарғадилар. Уларни дилини оғритса яхши бўлмайди, одамлари бор. Ўзингизга зарар бўлмасин тағин. Инсоф билан айтганда, сизнинг менда заррача ҳақингиз йўқ! Аввало бу ишга розилик бериш сизнинг хатоингиз, балки менинг ҳамдир. Умримдаги энг катта аҳмоқлигим учун кечиринг ва талоғимни беринг. Агар…
Эртаси ҳам Оловиддиннинг қўли ишга бормай, кечгача зўрға эллик кило пахта терди.
Табелчи кўпчилик ичида «мана илғорлар ҳам панд беришяпти», деганда уни назарда тутганини дядя Толик сезибди. Кейин ўзлари ёлғиз қолишганда уни гапга солди. Дардингни ёз. Сенга нима бўляпти, деб қўймади. Оловиддин ёрилди. Боши қотганини, юрса ҳам, турса ҳам Қалдирғоч кўз ўнгида турганини, ҳаловати йўқолганини айтди.
– Уни эри бор. Нима, хушторлик қилмоқчимисан? Тошбўронга қолиб кетасан. Бу ер қишлоқ бўлса, ақлингни йиғ, – деди.
Шунда бор гапни дядя Толикка айтиб юборишига озгина қолди. Охирги паллада тилини тишлаб, бошқача гапирди:
– Сиздан ҳеч нима керакмас, фақат кечалари йўқолиб қолсам биров сўраб келса, шу атрофда юрибди, деб баҳона топиб қўйсангиз бўлди.
– Нима, росмана жигарингдан урганми? Тунлари бекани ёнига борасанми? У сен билан учрашмайди. Овора бўлма!
– Заррача бўлса ҳам умид бор жойда кўнгилни тинчи бўларканми.
– Майли, сиринг ошкор бўлмайди. Сўз бераман. Лекин ўзингга эҳтиёт бўл. Ёшлик, бебошлик деб, бир балога гирифтор бўлма тағин, – деб елкасига урди.
Оловиддин оёғига этик кийиб олган, пахтазорни кесиб бораркан, унда-мунда бойқушларнинг совуқ товуши, кўппакларнинг қисқа акиллашидан бўлак сас келмас, йўлда ҳеч бир зоғ учрамади. Атроф ойдин. Шундоқ тепада ой хира нурини сочар, шудгор оралаб лойлироқ ерларни айланиб ўтиб, у сой бўйидаги буталар панасида Қалдирғочлар уйига тезда етиб келди.
Сой тарафга қараган ётоқхона деразасини қийинчиликсиз қоралаб яқинлашди. Ташқарида ётган Акобирнинг катта ити Оловиддинни таниб, думини ликиллатиб,