Шомурод Шаропов

Умр дарёси


Скачать книгу

Отанг ҳам унча-бунчага парво қилмайдиганлар тоифасидан-да! Лекин менга учрашиб, сени соғлигинг тўғрисида кўп қайғурди. Самолётга билет брон қилинган. Отанг ҳам билади. Кечки рейсда учасан. Руҳингни туширма, соғайиб кетасан, – деб ҳайрлашди.

      Обком саркотибининг муомаласи, ҳатти-ҳаракатлари, унга бўлган оталарча эътибори Амир Тўраевнинг руҳини кўтарди, гўё унинг танасидаги дард чиқиб кетгандек бўлди. Аммо, унинг кўз ўнгида отасининг область саркотиби қабулхонасига кириб эзилишлари ва қийналишлари гавдаланди. Ўзи ҳам ич-ичидан маюс тортди.

      Москвадан даволаниб қайтгач, у яна “Тошкент” давлат хўжалигидаги ўз ишини дадиллик билан давом эттира бошлади.

      ХОТИРА ДАФТАРИ

      Амир Тўраев қўл соатига қаради. Тун ярмидан оғибди. Негадир кўзига уйқу келмасди. Стулга жойлашиб ўтирди-да, қўлига ручка олиб, анчадан буён режалаштириб юрган “Хотиралар дафтари”ини ёзишга тутинди:

      “…Мен ҳаётимни ҳеч қачон салбий ҳолатда ҳис этмадим. Тўғри-да, ҳаёт ҳеч қачон мозорлардан иборат бўлмаган! Агар инсон танасида дард бўлса, унинг кўз ўнгида бутун дунё дард бўлиб кўринаркан.

      Бундай ўйлаб кўрсанг бу дунёда салбий нарсанинг ўзи йўқ. Бахти комил, бус-бутун одам ҳеч қачон дунёга келмаган. Ўтган ҳаётимдаги эришган муваффақиятларим, учраган мағлубиятларим мен учун ҳамиша кушандам ва душманим бўлган, холос. Бахт билан туғилсанг камолатинг ўшадир, лекин бунинг имкони йўқ! Ўртада тақдири азал ҳам турибди, шукрона келтирмоқ керак. Дунёни тарк этсанг, завол ўшадир, бу ҳақ гап! Тупроғинг устига келиб, кимдир ёд айласа бу ҳақиқий иқболдир! Ҳар бир инсоннинг босиб ўтган умр тарихи, бу катта хотира ҳисобланади. Инсон бу дунёда йўловчи холос, келиб кетаверади! Не-не зотлар бу йўлдан келиб кетишмаган! Лекин, иғвою фитна, хусумат, ғараз ҳеч қачон ўлмайди, улар инсон деган бандасини охирги йўлга кузатади, ўзи эса яшайверади, шунинг учун ҳам ҳеч қачон инсоният бу балодан қутилаолмайди.

      Узоқ йиллар давомида қалбимда тўпланган муаммоларга аниқ жавоб топиш иштиёқи билан яшадим, билиб билмасдан қилган гуноҳларим учун яратганга шукрона келтириб, тавба қилдим, ҳар бир босган қадамим учун бир кун келиб, унинг олдида жавоб беришни ўйладим.

      Дунёга олиб келган, эркалатиб бағрига босган жафокаш, меҳнаткаш, бағри кенг ота-онам олдида садоқатли ва фидойи ўғил бўлишдек Аллоҳим берган буюк бахт учун шукрлар қиламан. Ҳар бир фарзанд олтин билан миснинг, олмос билан шишанинг фарқига бораолса, Ватан ва халқи олдида ҳаммол бўлса, бу отаона учун энг буюк бахтдир! Ҳақиқий фарзанд учун эса булар муқаддас бурч ҳисобланади, менинг назаримда.

      Тўғри, ёшим бир жойга бориб қолганда ўтган умримни сар-ҳисоб қилиш мен учун жуда муҳим ва оғирдир. Мен билмаган гаплар кўп экан ҳали бу дунёда! Чархнинг кажрафторлиги, найрангбозлиги, “дўст”ларнинг мунофиқлиги олдида бошинг эгилиб, қаддинг букилади, рост-ёлғон орасида қилдик кўприк устидан эҳтиёткорлик билан ўтмасанг ҳолинг нима кечишини ўзинг бир ўйлаб кўргин-а! Агар тақдирингда бадбахтлик битилган