дейишади? Бу лавозим ака-укаларга мерос қолганми, деб ўйлашмайдими? Иккинчидан, сизга ижроқўм раиси керакми ёки райондаги гап-сўзларни етказиб турадиган агент керакми?! – деди Амир Тўраев.
Унинг гапини эшитган Иван Иосифович шундай тикилдики, гўё Амир Тўраевни ютиб юборишга тайёр турган оч бўрига ўхшаб кетди.
– Нега сен бунақа гапларни қилаяпсан?! Биз сени лавозимингни кўтармоқчи бўлсак, сенинг эса менга берган саволингни қарагин?! – дея Евгений Ефимович жаҳл аралаш гапга аралашди. – Бизлар сени ЎзЛКСМ ва ВЛКСМнинг съездларига делегат қилиб сайладик. Номзодингни ВЛКСМ Марказий Қўмитаси таркибига киритишни таклиф қилдик. Меҳнат Қизил байроқ орденини кўкрагингга тақиб қўйдик. Область партия қўмитаси таркибига кирдинг, область совети депутати бўлдинг…
– Иван Иосифович, Евгений Ефимович, ҳаммаси учун ташаккур. Хабарларинг бор, мен ўз вазифамдан бўшатишларини сўраб ариза берганман. Сизлардан илтимос, аризамни ҳисобга олиб, мени ишимдан озод қилсаларингиз менга кўп яхшиликлар қилган бўлардинглар, – Амир Тўраев уларга тушунтиришга ҳаракат қилди. Унинг гапи ва ўзини тутишидан Евгений Ефимовичнинг жазаваси тутиб, ваҳшийлик тусига кирди-да, бақира бошлади:
– Ўйлаб гапираяпсанми ўзи?! Сен нима деяпсан, район биринчи котиби билан тенг лавозим ерда қолганми?! Ёки, мендан бошқа ишни уддалайдиган кадр йўқ деб ўйлаяпсанми? Одамлар бу лавозим учун қоплаб пул кўтариб юришибди! Вой аҳмо-о-қ! Иван Иосифович, сиз тўғри айтган экансиз, қанча билимдон, ташкилотчи бўлгани билан, ҳали ҳам гўдак экан, бу бола!…
– Менинг соғлигим жуда ёмон, ўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам ишлашимнинг ҳеч имконияти йўқ. Мени тўғри тушунинглар… – дейиши билан Амир Тўраев Иван Иосифовичдан балога қолди:
– Бундай таклиф сенга бошқа қилинмайди! Афсус, бизлар Марказқўмдагилар билан келишиб олган эдик, энди нима деб жавоб берамиз?! Амир, қани ўзинг айтчи?!
– Касал, имконияти йўқ экан дейсиз. Иван Иосифович, менга раҳм қилинглар… – зорланди Амир Тўраев.
– Йўқ, – деди Иван Иосифович қатъиятлик билан, – касал бўлсанг 1-сон Республика ҳукумат шифохонасида машҳур врачларни жалб этиб даволатамиз! Икки-уч кун ишлаганингдан сўнг ўзим жўнатаман.
– Иложи йўқ, Иван Иосифович, мендан директорликни олиб, давлат хўжалигига дурустроқ бир мутахассисни раҳбар қилиб қўйсаларинг яхши бўларди.
– Нима, ёки бира тўла нафақага чиқмоқчимисан?! Қаерда ишламоқчисан?! – жаврай бошлади обкомнинг иккинчи котиби.
– Имкони бўлса, даволанганимдан сўнг Тошкент қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчилик қилмоқчиман, – деди Амир Тўраев.
– Бунинг гапини қаранглар, институтда ишлармиш! – хиринглаб кулди обком котиби. – Райижроқўмлик қаердаю, оддий ўқитувчилик қаерда!
Шу пайт Амир Тўраевнинг кўкрак қисмида қаттиқ оғриқ қўзғалди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, стул суянчиғига суянди. Евгений Ефимович унинг қўлидан ушлаб “Амир, сенга нима бўлди, ўзингга келсангчи…”