сафарбар этиб, хўжалик ишчилари томонидан очилган сув отводини лойиҳа асосида қонуний қилиб қуриб топширгин. Қани эди, ҳамма директорлар ҳам Амирга ўхшаб, қурувчидан ўз ҳақини талаб қила олса. У йигит масъулиятни ҳис этиб ишлайди…
– Рўзмат ака, ҳозирча Амирнинг ўзи ҳам бизларга етади… – деди Эркин Турсунов. Гўшакдан саркотибнинг самимий кулгиси эшитилди.
Шу кундан эътиборан иш қизғин бошланди. Эркин Турсуновнинг ўзи устида туриб, янги сув йўлини лойиҳада кўрсатилгандек кўринишда қуриб битказишди. Эркин Турсунов Тошкент шаҳрида таваллуд топган, ўз касбини мукаммал биладиган, саводли, маданиятли, босиқ, ҳалол ва адолатли инсон эди. Бундай инсонлар замондошлари қалбида доимо яшайди. Унинг Қарши чўлини ўзлаштиришда меҳнатлари кўп сингган.
Амир Тўраев “Тошкент” давлат хўжалигида фаолият кўрсатар экан, ўзида бор билим ва тажрибасини амалга ошириб, жамоани қисқа муддатда улкан муваффақиятларга эриштира олди. Хўжалик жамоаси 1977 йида давлатга 6205 тонна сифатли пахта хомашёси етказиб берди. Бу эса гектар бошига режадагидан ўн центнердан кўп ҳосил эди. 1978 йили хўжалик жамоаси режадаги 7500 тонна ўрнига 10000 тонна пахта ҳосили етиштирдилар. Унинг 3500 тоннаси қиммат баҳо ингичка толали пахта эди. Шу йили Амир Тўраев бошлиқ хўжалик пахтакорлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг юз фоизини пахта териш машиналари ёрдамида териб олишни йўлга қўйишди. Бундай ютуқ ўша йиллари вилоятдаги саноқлигина хўжаликларда амалга оширилган эди.
ОРАДАН УЧ ЙИЛ ЎТДИ…
Амир Тўраевни давлат хўжалигида директор бўлиб ишлашидан отаси норози эди. У ўғлини ҳар қандай шароитда ҳам илмий йўналишга қайтишини орзу қиларди. Айниқса, ўғлининг соғлиги уни чуқур ўйлантирар, юраги безовталанарди. Бунинг устига яна тўртта ўғли изма-из олийгоҳларни тугатишаётганди.
Отаси Амир Тўраевни Тошкентдаги шифокорларга, кўпинча С.И.Файинга учраштириб, тез-тез маслаҳат сўрарди. Уни ўзи билан бирга Ессентуки, Кисловодскдаги оромгоҳларга олиб борди. Аммо, ўзининг елиб югуришларидан негадир кўнгли тўлмасди. Охир-оқибат сабр-бардоши тугади шекилли, ўғлини чақириб, “…Сен хўжалик раҳбарлигидан бўшатишларини сўраб, ариза ёзгин-у, уни райком бюросига топшир!…” деди.
Амир Тўраев учун отасининг гапи гўё қонун эди. Эртасигаёқ иш фаолиятини юритишга соғлиги халақит бераётганини кўрсатиб ариза ёзди-да, Усмон Юсупов райкомининг биринчи котибига учрашди. У аризани ўқиб, “Амирбек, сени ишдан бўшатиш менинг ҳам, обком бюросининг ҳам қўлидан келмайди. Шароф Рашидович ҳар сафар Қашқадарёга ташриф буюрганларида, албатта 21-давлат хўжалигига келадилар. Буни ўзинг ҳам биласан. У киши сени сўрасалар, нима, “Соғлигининг мазаси йўқлиги учун жавоб бердик” деймизми? Ука, ўзингни ютуқларинг билан райондагина эмас область миқёсида ҳам танилиб улгургансан. Уч ярим йил орасида катта ишларни амалга оширдинг. Бундан ташқари хўжалигинг “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиш” Бош бошқамаси тасарруфида. Бу ҳақда улар билан ҳам келишишимиз