Шомурод Шаропов

Умр дарёси


Скачать книгу

Биламан, сенга осон эмас. Қийналсанг ҳам ўзингни эҳтиёт қилиб, ғайрат билан ишлагин. Ғирромлик қилмагин, давлатнинг мулкига кўз олайтирма. Рўзғоринг учун нима зарур бўлса, ўзим ёрдам қиламан. Ҳеч нарсани ўйламасдан Муродулла Саидовичга мададкор бўлиб ишлагин, – деб ўғли Амир Тўраевга тасалли берган бўлди отаси.

      “ТОШКЕНТ” ХЎЖАЛИГИДА

      Амир Тўраев Ульянов райони қишлоқ хўжалик бошқармасида раҳбар бўлиб фаолият кўрсатаётган кунларнинг бирида районга Республика Марказий Қўмитасининг котиби Йўлдош Рахимович Қурбонов ташриф буюриб, қишлоқ хўжалик илғорларининг кенгаш йиғилишини ўтказди. Амир Тўраев районда қишлоқ хўжалигининг бугунги аҳволи тўғрисида ахборот берди. Марказқўм котиби йиғилишда сўзга чиққан мутахассисларга шундай қалтис саволлар берардики, жавоб беришда ҳар қандай аллома ҳам бир зум довдираб қоларди. Чунки, у киши авваллари Тўрткўл районида саркотиб бўлиб фаолият кўрсатган, район миқёсидаги ишларни жуда яхши биларди. Йўлдош Рахимович Амир Тўраевга қараб:

      – Қани айтгинчи, ўтган йили район бўйича 20-25 ц/га, 25-30 ц/га, 30-35 ц/га, 35-40 ц/га ва 40-45 ц/га ҳосил олган бригадирларнинг сони нечта? Фақат тўғри айтгин, мен текшириб кўраман, – деди қўққисдан.

      Амир Тўраев бу кўрсаткичларни аввалроқ тайёрлаб қўйганди. Ҳатто, унинг бир нусхаси район саркотибида ҳам бор эди. Бошқарма бошлиғи саволларга шошилмасдан оғзаки жавоб бера бошлади.

      – Шу гапларингни тасдиқловчи бирор ҳужжат борми? – деди унинг сўзини бўлиб Йўлдош Рахимович. Шунда райком саркотиби қўлидаги тайёр ҳужжатни Марказқўм котибининг қўлига берди. Қоғозга кўз югуртиракан, у:

      – Жавобингни яна бир бора такрорлагинчи, – деди.

      Амир Тўраев ҳозиргина айтган гапларини қайта такрорлади. Унинг жавобларини тинглаган Марказқўм котибининг чеҳраси ёришди, аммо ҳеч нарса демади. У мажлис якунида сўзга чиқиб, “Қарши чўлида янги-янги давлат хўжаликлари тузилаяпти, уларга ёш, кечаю кундуз ишлайдиган, саводли раҳбарларни танлашимиз керак” деб сўзини якунлади.

      Йиғилиш тугади. Иштирокчилар тарқалишди. Марказқўм котиби “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиши” бошлиғи Нажим Ҳамроев, обком бюро аъзолари Рўзмат Ғойибов, Иван Головачёв, Фармон Омонов, Сулаймон Муродов, область қишлоқ хўжалиги бўлимининг янги мудири Б. Кунченко ва район қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Амир Тўраевларни қабулига тўплади.

      – Сен, – деди у Амир Тўраевга, – эртадан эътиборан янги тузилган 21-давлат хўжалигига директор бўлиб борасан. Марказқўмнинг биринчи котиби хўжалик номини “Тошкент” деб аташни таклиф қилдилар.

      – Йўлдош Рахимович, бугун 4 июль, йилни якунлагач борганим яхши бўларди. Энди фақат беда, полизсабзавот, маккажўхори экиш мумкин. Хўжалик янги бўлса, ерлари экин экишга ҳам тайёр эмас. Коллектордренажлар тизими, суғориш шохобчалари тугатилмаган.

      Уй-жой йўқ. Хўжаликни ишчиларсиз юритиш…, – деди дангалига Амир Тўраев.

      – Нажим Рахимовичдан сўраймиз, қиш бошлангунча уй-жой масаласини ҳал қилади. Камида йитирма минг квадрат