Нуриддин Исмоилов

Бургут тоғда улғаяди 1-китоб


Скачать книгу

қолмайдида, отам. Болангиз жиноят қилган. Жиноятчи эса жазоланиши шарт… Бўпти, майли, мен кетдим. Керак бўлиб қолсангиз, сизниям чақирамиз. Тезроқ соғайиб кетинг, – дея бақалоқ ортига бурилди.

      – Ҳов, ука, тўхтанг. Олиб кетманглар, мен касалман! Ҳеч қурса эрталабгача шошманглар, у кетса мен ўлиб қоламан! – дея ялинди чўпон.

      Аммо бақалоқ унинг гапига қулоқ ҳам солмасдан ташқарига чиқиб кетди.

      – Болам, болам! – деганча инграётган чўпон эшик томонга эмаклай бошлади.

      Марди чўпон белида қўзғалган қаттиқ оғриққа ҳам эътибор қилмади. Даҳлиздан ўтиб, ташқари эшиккача борди. Ўғлини судрашиб дарвозадан олиб чиқаётганларини кўрди.

      – Ўғ… – дея олди холос, ота.

      Отанинг боши шилқ этиб остонага тушди.

* * *

      Моҳирўй ярим соатдан зиёдроқ у кўчадан-бу кўчага ўтиб юрди. Аввал бошда одамлар сероб эди кўчаларда, бора-бора улар сийраклашиб, ниҳоят онда-сонда биттаиккита одам дуч кела бошлади. Моҳирўй уларнинг би-ронтасита эътибор бермас, нуқул Фаррух ҳақида хаёл сурар, унинг ёнига кетиб қолгиси келарди. Жинси шимининг чўнтагига қўлини тиқиб кўрди. Бор-йўғи ўн сўмгина чикди. "Эсиз, кўпроқ олсам бўларкан", дея ўйлади у ва яна йўлида давом этаверди.

      Бир пайт унинг кўзи ўзи томонга келаётган уч кишига тушди. Улар қадам олишидан мастларга ўхшарди. Бири катта кўчанинг у бошидан-бу бошига бориб ўтар, яна биттаси шеригининг елкасига осилиб олган. Моҳирўй қўрқиб кетди ва ортига бурилиб, бошқа кўчага кирмоқчи бўлди. Аммо бу ниятидан тезда қайтди. "Агар уларнинг ёнидан ҳеч нарсани кўрмагандай ўтиб кетсам, балки индашмас", дея ўйлади у ва қадамини тезлатди. Лекин у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Йўлнинг у ёғидан-бу ёғига сайр қилиб келаётгани қизнинг рўпарасида тўхтади.

      – О-о, жонидан, – деди у оғзидан ароқнинг сассиқ ҳиди анқиб, – зерикиб кўчага чиқдингми? Мана биз сенинг зерикишингни дарров йўққа чиқарамиз-да.

      Моҳирўй унинг гапига эътибор бермай ёнидан ўтиб кетмоқчи бўлганди, шеригини йўл ёқасига ётқизиб келган иккинчи алкаш унинг йўлига ғов бўлди.

      – Менимча, – деди у шеригига қараб, – бу қушча мен билан кукулашмоқчига ўхшайди.

      – Уйимга кеч қолдим, акалар, – деди Моҳирўй ялинчоқ овозда. – Илтимос, ўтказиб юборинглар.

      – Фигураси даҳшат-ку бунинг, – деди биринчи алкаш, Моҳирўйга тебраниб-тебраниб разм соларкан.

      – Ўзиям жонингни суғуриб оладиганлар хилиданга ўхшайди, – деди иккинчиси. – Биринчи навбат меники бўлади.

      – Милиса амаки! – дея қичқирди Моҳирўй уларнинг орқа томонига қараб.

      Йўлтўсарларнинг иккови ҳам бирдан ортига қарашди. Вазиятдан фойдаланган Моҳирўй уларнинг ёнидан ўтдию, югуриб кетди.

      – Ушла! – деб бақирди биринчи алкаш.

      – Тўхта! – дея қичқирди иккинчиси.

      Аммо уларнинг ҳар иккиси ҳам қизнинг орқасидан қувадиган аҳволда эмас эди. Шу боис беш-олти қадам югуришди-да, тўхташди. Сўнг иккаласи ҳам сўкина-сўкина ортларига бурилиб кетишди.

      Моҳирўй нафаси бўғзига келиб қолгунча югурди. Охири чарчаб, қўрқа-писа орқасига қаради. Ҳеч ким қувиб келмаётганини кўргач, йўл четидаги дарахтлардан